УМАР ХАЙЁМ

УМАР ХАЙЁМ (тахаллуси; асл исмшарифи Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий) (1048.18.5 Нишопур 1131.4.12) — математик, астроном, файласуф, ҳаким ва мутафаккир шоир. Нишопурда бошлангич маълумотни олгач, Балх, Бухоро ва Самарқандда таҳсил кўрган. Маликшоҳ ва Низомулмулк (1019—92) даъвати билан 1074 й. да Исфаҳонда расадхона қурдирган ва унга раҳбарлик қилган. Юлдузлар жадвали (зиж), 1079 й. да янги ислоҳ қилинган тақвим (календарь) тузган. Бу тақвим Европада ундан 500 й. кейин жорий қилинган Григорий календаридан ҳам аниқроқ бўлган.

Умар Хайём илмда ҳам, ижодда ҳам ўзини шайх урраис Абу Али ибн Синонинг ҳассос ва садоқатли шогирди ҳисоблаган. Ибн Сино асарларини тушунмаган кишилар уларни изоҳлаш ва шарҳлашни ундан сўраганлар. У устозининг бир қатор асарларини арабчадан форсчага таржима қилиб, шарҳлаб берган, унинг ғоя ва қарашларини давом эттирган ҳамда тарғиб қилган. «Рисолат улкавн ваттаклиф» («Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола»), «Рисола филвужуд» («Борлиқ ҳақида рисола»), «Рисола фи куллиёти вужуд» («Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола») каби фалсафий асарларида Ибн Синонинг вориси ва издоши сифатида намоён бўлган. 1077 й. да у гонон олими Евклид китобидаги бир неча геометрик шаклларни шарҳлаб ёзган «Рисола фи шарҳи мо ашкала мин мусодарат китоб ул-Иклидис» («Евклид китоби муқаддималаридаги мушкулотлар шарҳи ҳақида рисола») асарида бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб берган. «Рисола филбароҳийн ала масойил алжабр валмукрбала» [«Алгебра ва муқобала (қаршилик назарияси) исботлари ҳақида рисола»], «Мушкулот улҳисоб» («Арифметика мушкулотлари») асарларида у юнон олимларининг аниқ фанларга оид фикрларини араб тилида кенг шархлаш билан бирга, уларнинг карашларини ривожлантирган, математик, физик тенгламаларнинг моделларини топган. 12-а. форс насрининг нодир намунаси ҳисобланган «Наврўзнома» асарида Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи, Шарқ халқларининг бу байрам билан боғлиқ анъана ва маросимлари кенг ёритилган, кўплаб ҳикоят ва ривоятлар келтирилган.

Умар Хайёмга унинг рубоийлари жақоншумул шуҳрат келтирган. Уларда шоир дунё, одам ҳақида, ҳаёт мазмуни ҳақида фикр юритади. Рубоийларида у материянинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши, эскининг емирилиб, янгининг пайдо бўлишини (кулол, кўза, тупроқ ҳақидаги рубоийлар ва ҳ. к.) ифодалайди. Умуман, ишқ ва ҳаёт, инсон тафаккурининг қудрати, умрнинг маъноси, инсоний фазилат ва қусурлар, маърифат ва жаҳолат каби мавзулар шоир рубоийларининг асосини ташкил этади. Тезтез учраб турадиган май образи эса илоҳий муҳаббат, ҳаёт лаззатларини улуғлаш воситасидир. Фирдавсий маснавийни, Ҳофиз ғазални қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Умар Хайём ҳам рубоийни шунчалик юксак мавқега кўтарди. Умар Хайём рубоийлари дунёнинг деярли барча асосий тилларига таржима қилинган. Бу рубоийлар ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли таъсир кўрсатган. 19-а. дан Ғарбда ҳам машҳур бўлган. Айнан у туфайли рубоий жаҳон сўз санъатининг машҳур жанрларидан бирига айланган. У ўзининг фалсафий жиҳатдан теран ва сермазмун рубоийлари билан Шарқ шеъриятида фалсафийликнинг чуқурлашувига катта ҳисса қўшган.

Америкада Умар Хайём асарлари асосида театрлаштирилган саҳна асари, Лондонда махсус хайёмхонлар саройи мавжуд. Уларда шоир рубоийлари ҳам аслида, ҳам таржимада бадиий сўз усталари, моҳир нотиқлар томонидан ўқилади. Шарқда бундай саҳна асари — «Ўзўзим билан суҳбат» Тожикистон халқ артисти Маҳмуджон Воҳидов томонидан яратилган. Шерали Жўраев, Фаррух Зокировлар ҳам Умар Хайём рубоийлари асосида қўшиқлар яратганлар.

Умар Хайём рубоийларини 20-а. бошларидан ўзбек тилига таржима қилишга киришилган. 1914 й. «Шўро» жур. нинг бир неча сонларида шоирнинг рубоийлари илмий шарҳи билан насрий таржимада эълон қилинган. Фитрат «Форс шоири Умар Хайём» номли рисоласида (1929) унинг 35 та рубоийсини насрий таржимада келтирган. Кейинчалик Ф. Абдуллаев унинг 14 та рубоийсини шеърий таржима қилган. Умар Хайём рубоийлари таржимаси асосан Ш. Шомуҳамедов номи билан боғлиқ: шоир рубоийлари унинг таржимасида бир неча марта босилиб чиққан. Сўнгги йилларда Умар Хайём рубоийларининг Ж. Камол, Э. Очиловлар томонидан арузда қилинган янги таржималари пайдо бўлди.