УЛЬЯНОВСК ВИЛОЯТИ

УЛЬЯНОВСК ВИЛОЯТИ — РФ таркибидаги вилоят. 1943 й. 19 янв. даташкил қилинган. Россия Европа қисмининг жан. шарқида жойлашган. Майд. 37,3 минг км2. Аҳолиси 1382,3 минг киши (2002), асосан, руслар (73%), шунингдек, татар, чуваш, мордва, украин ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Вилоят таркибида 21 маъмурий туман, 6 шаҳар, 33 шаҳарча бор. Шаҳар аҳолиси 73%. Вилоят маркази — Ульяновск ш.

Ульяновск вилояти ҳудудининг 3/4 га яқин қисми Волга бўйи қирларининг шарқида жойлашган. Волга дарёси Ульяновск вилояти ҳудудини ўнг ва чап (Заволжье) сохилларга бўлади. Заволжье соҳили қисми бир оз қия текислик. Ўнг соҳилда Волга бўйи қирлари (бал. 363 м гача) жойлашган. Фойдали қазилмалари: кварц, кумуш, диатомитлар, қурилиш материаллари хом ашёси, нефть, табиий газ, ёнувчи сланецлар, торф, фосфоритлар. Ундори минерал суви бор. Иқлими мўътадил континентал, янв. нинг ўртача т-раси —13°, июлники 19°. Йилига 400 мм га яқин ёғин ёғади. Вегетация даври 174 кун. Асосий дарёлари — Волга ва унинг ирмоқлари (Сура, Свияга, Катта Черемшан ва б.); Куйбишев сув омбори, кичик кўллар бор. Вилоят ўрмонли дашт ва кенг баргли ўрмонлар (асосан, шим. гарби) зонасида, жойлашган. Заволжьеда қарағайзорлар сақланган. Ўрмонлар вилоят ҳудудининг 25% ни эгаллайди. Катта майдон унумдор қоратупроқлар б-н қопланган. Ёввойи ҳайвонлардан лось, сувсар, тийин, оқ товушқон, сув паррандалари ва ботқоққирғоқ қушлари яшайди. Куйбишев сув омборида балиқ овланади.

Саноатининг асосий тармоқлари: машинасозлик ва металлсозлик (У. в,да Россия автобусларининг 64%, юк автомобилларининг 6%, шунингдек, самолётлар, станоклар, кимё саноати учун жиҳозлар, қ. х. машиналари, электротехника маҳсулотлари ишлаб чикарилади). Енгил (жун ва зигир газламалар, пайпоқ) ва озиқ-овқат (ун, ёрма ва б.) саноати корхоналари мавжуд. Қурилиш материаллари, цемент, термоизоляция и. ч., ёғочсозлик саноати корхоналари бор. Энг йирик корхоналари: «Ульяновский автозавод», «Волжские моторы», «Автодетальсервис», «Авиастар», механика машинасозлик з-длари, Димитровград агрегат заводи. Асосий саноат марказлари Ульяновск, Димитровград. Қ. х. нинг етакчи тармоғи сутгўшт йўналишидаги чорвачилик. Қорамол, чўчқа, қўй боқилади. Асаларичилик ривожланган. Буғдой, арпа, гречиха, техника экинларидан кунгабоқар ва қанд лавлаги, шунингдек, картошка, сабзавот экинлари ва б. экилади. Т. й. лар узунлиги 709 км, автомобиль йўллари уз. 4615 км, Волгада кемалар қатнайди. Ҳаво транспорти вилоятни РФнинг кўпчилик р-нлари билан боглайди. 2 халқаро аэропорти (шу жумладан, УльяновскВосточний) бор. 46 санаторийкурорт муассасаси фаолият кўрсатади.