УЛУҒВОРЛИК

УЛУҒВОРЛИК — эстетика тушунчаларидан бири. Ҳажм ва салмоқб-н боғлиқ бўлган нарсаҳодисаларнинг бир қарашда илғаб олинмайдиган ботиний жиҳатларини, улкан қудрат ва миқёсга эга воқеликнинг эстетик кўринишини англатади. Улуғворлик кундалик ҳаётда истисноли воқелик сифатида намоён бўлиб, одатий воқеа-ҳодисалардан ўзининг фавқулоддалиги билан ажралиб туради. Улуғворлик объектив ва субъектив асосга эга. Юлдузли осмон, вулқон, сув тошқини, улкан денгиз тўлқинлари каби табиатдаги нарса ва ҳодисалар, фидойилик, қаҳрамонлик, буюк тарихий шахсларнинг ижобий фаолияти каби жамиятдаги воқеликлар Улуғворликнинг объектив асослари ҳисобланади. Фавқулодда ёки одатий тасаввурлардан ташқаридаги воқеа-ҳодисаларни эстетик идрок этаётган инсон қалбининг мойиллиги Улуғворликнинг субъектив асоси саналади; кўпчиликни ҳайратга солган воқелик баъзиларни қайратга солмаслиги ва аксинча бўлиши ҳам мумкин. Улуғворлик ўзининг ҳар томонлама ижодий ифодасини санъатда топади, санъатнинг барча тур, хил ва кўринишлари учун асосий тасвир объектларидан бири бўлиб хизмат қилади. Улуғворликнинг санъатда намоён бўлиши ахлоқийлик ва ижтимоийлик билан боғлиқ. Инсоният ва жамият тараққиётида рўй берадиган муҳим воқеалар, улкан тарихий шахслар фаолияти, қаҳрамонликлари, фидойиликлари кишиларда ҳайрат ва уларга (таушд қилиш туйғуларини уйғотади. Санъатдаги Улуғворлик бадиий мазмун ва шакл воситасида ифодаланади, бунда ғоя ҳал қилувчи роль ўйнайди. Улуғворлик меъморликда алоҳида аҳамият касб этади. Миср эҳромлари, Самарқанд, Бухоро, Хива ш. ларидаги меъморлик обидалари ўзининг салобати, улуғворлиги билан кишини ҳайратда қолдиради. Улуғворлик фақат миқёс билан белгиланмайди, ундаги нафислик, атроф муҳит билан узвий қўшилиб кетганлик алохида аҳамиятга эга. Улуғворлик инсонни олижанобликка, юксакликка, буюкликка ундайди, табиат ҳодисаларини эстетик англаш ва баҳолаш имконини беради, шахе, жамият ва миллат эстетик тарбиясида муҳим роль ўйнайди.