УЛУҒТОҒ

УЛУҒТОҒ, Улутов — Жезқазған (Қозоғистон)дан 100 км шим. да, Сарису дарёси шим. да жойлашган тоғ. 20-а. нинг 30-й. ларида Жезқазғандан 50 км ғарбдаги Қарсақпай кони яқинида Қорамўла тоғи ён бағрида ёзувлик тош топилган (Эрмитаж музейида сакланади). 1391 й. Амир Темур Тўхтамишга қарши юриши чоғида Улуғтоғга етиб келиб, бир кун ичида унинг тепасига туғ ўрнатиб, қароргоҳ қурдирган ва қўшинга атрофдан тош тўплаб келтиришни ва минорасимон иншоот қуришни буюрган. Тоштарошлар харсанг тошга 2 тилда — араб ва қад. уйғур тилида битик ёзганлар. Битик 11 сатрдан иборат бўлиб, 8 сатри қад. уйғур ва 3 сатри («Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим») араб ҳарфидадир. Битиктошда 793 (1391) қўй йили ёз фаслининг ўртасида (Низомиддин Шомийнинг ёзишича, 28 апр.) Турон султони Темурбек 200 минг кишилик ўрдуси бн Тўхтамишхонга қарши сафарга чиққанлиги ва нишон сифатида шу қўрғонни бунёд эттиргани ёзилган. Орадан 200 йил ўтгач, Абдуллахон II ҳам Соқибқирондан ўрнак олиб, Амир Темур қурдирган минора қаршисида, Улуғтоғ сафаридан ёдгорлик сифатида масжид қурдирган. Бу ҳақда Ҳофиз Таниш алБухорий шундай ёзади: «Ўша куни (1582 й. 3 май) намози пешингача тўхтаб лашкарга буюрдики, «Кўп тош тўпласинлар». Буйруқни бажариб тўпланган тошдан олийшаън у маконда бир масжид бино қилдилар. Шу билан рўзғор саҳифаларида у баландқадр шоҳдан бир ёдгорлик қолдирдилар. Шундай ишни фирдавсмакон, дину дунё қутби шаҳриёр Амир Темур Кўрагон… ҳам қилган эди».

Бойқўнғир космодроми Улуғтоғга яқин ерда бўлгани туфайли 20-а. нинг 2ярмида бу ҳудудга кириш ман этилган. Манба: Шарафуддин Али Йаздий, Зафарнома, Т., 1997; Низом иддин Шомий, Зафарнома, Т., 1996; Ҳофиз Таниш алБухорий, Абдулланома, «Шарафномайи шоҳий», 2китоб, Т., 2000.

Ад.: Греков Б. Д., Якубовский А. Ю., Золотая Орда и ее падение, М., 1950; Материалы по истории казахских ханств XV — XVIII вв., АлмаАта, 1969.

Фахриддин Ҳасанов.