УЛУҒБЕК РАСАДХОНАСИ

УЛУҒБЕК РАСАДХОНАСИ — Самарқанддаги 15-а. меъморлигининг нодир намуналаридан бири, қўхна астрономик кузатув муассасаси. Улуғбек фармойиши билан 1428 — 29 й. да Кўхак (Чўпонота) тепалигида улкан цилиндр шаклида бунёд этилган; айрим қўлёзмалар («Бобурнома»)га кўра, бал. 30,4 м дан иборат 3 қаватли қилиб қурилган. Унда ўндан ортиқ турли астрономик қурилма ва асбоблар булган. Улардан энг асосийси радиуси 40,2 м ли қўшалоқ ёйдан иборат квадрант (ёки секстантга яқин) қурилма ҳисобланади. Квадрантнинг жан. қисми ер остида, қолган қисми шим. томонда ер сатҳидан 30 м ча баландда жойлашган. Асбоб айланасида бир градус ёй 701,85 мм ва бир минут ёй 11,53 мм га тўғри келади. Расадхона ўрта асрларда асбоб ускунаси жиҳатдан ҳам беқиёс бўлган. Асбоб астрономиянинг асосий доимийликлари — экватор ва эклиптика орасидаги бурчакни ўлчаш, йиллик прецессия доимийсини, тропик йил давомийлигини ва б. фундаментал астрономик доимийликларни аниқлашга имкон берган. Расадхонада кичик ўлчамли асбоблар: армилляр сфера, 2, 4 ва 7 ҳалқадан иборат ўлчов асбоблари, триангула, қуёш ҳамда юлдуз соатлари, астурлоб ва б. бўлган. Бу илмий ускуналар ёрдамида Қуёш, Ой, сайёралар ва алоҳида юлдузлар кузатилган. Мирзо Улуғбекнинг энг йирик астрономик асари «Зижи Кўрагоний» расадхонада яратилган. Унинг қурилиши ва кейинги илмий фаолияти Улуғбек таклифи билан йиғилган қатор машҳур олимлар Ғиесиддин Коший, Қозизода Румий, Али Кушчи ва б. номи билан боғлиқ.

Улуғбек расадхонасининг археологик қолдиқлари 1908 й. В. Л. Вяткин раҳбарлигида олиб борилган қазилма ишлари натижасида топилган. Хусусан, бу ерда диаметри 48 м келадиган, қалинлиги бир ғишт бўлган айланма девор борлиги ва унинг марказида қўшалоқ ёйдан иборат улкан бош қурилманинг қолдиқ қисмлари аниқланган. Унинг катта заллари, турли каттакичик хоналари бўлган. Бобирнинг ёзишича, Улуғбек расадхонасининг сирти кошин ва сирли парчинлар билан безатилган. Расадхона ичига ўрнатилган жуда катта асбоб ёрдамида Қуёш, Ой, сайёра ва юлдузлар катта аниқлик билан ўрганилган. Расадхонада кутубхона ҳам бўлган. Ички деворда осмон тасвири, юлдузлар харитаси, тоғ, денгиз, мамлакатлар белгиланган Ер шари тасвири ишланган. Кейинчалик у қаровсиз қолиб, 16-а. да вайрон қилинган. Ҳозир Улуғбек расадхонаси даги катта асбоб — квадратнинг ер остида сақланган қисми баландлиги билан 11 м келади. 1964 й. У. р. ёнида Улуғбек музейи очилган. Улуғбек расадхонасининг асл кўриниши, ички тузилиши, бош қурилмаси ҳақида Ўзбекистон ва чет эл олимлари томонидан тадқиқот ишлари олиб борилмоқца.