УЛУҒБЕК МАДРАСАСИ

УЛУҒБЕК МАДРАСАСИ — Бухородаги меъморий ёдгорлик (1417). Улуғбек қурдирган З мадрасанинг энг қадимийси. Абдуллахон II даврида катта таъмир ишлари олиб борилган (1586). Бош тарзида маҳобатли пештоқ, 2 қанотида 2 қаватли ҳужралар ва бурчакларида гулдасталар жойлашган. Гулдасталар тепаси қуббали қилиб ишланган. Мадрасанинг асосий безаги пештоғида бўлиб, унда сиркор ғиштчалардан ташқари ранг-баранг гулли парчин ва кошиндан фойдаланилган. Равокли пештоқдан миёнсарой орқали ҳовлига ўгилади. Миёнсарой ички гумбази 12 қиррали, ғиштдан тўрсимон шакл қилиниб, ораларига кўк ва ҳаво ранг кошин терилган. Ҳовли (26×25 м) атрофини 2 қаватли ҳужралар қатори ва пештоқли 2 айвон эгаллаган. Ҳовлининг шим. ва жан. томонлари қисқароқ кўринишга эга бўлиб, деворлари, равоқ ва пештоқлари оқ, феруза ва бинафша ранг сиркор ғиштлар билан пардозланган. Ҳужралар ичи ганч сувокли. Мадраса (53×41,6 м) унча катта эмас, ҳужралари мўъжаз, ўзаро мутаносиб, ички ва ташқи тузилиши ўзига хос. Масжид (15,5*5,5 м) ва дарсхона (5,5×5,5 м) гумбазли, миёнсаройнинг 2 ён томонида жойлашган. Миёнсаройнинг 2қаватида кутубхона бор. Хўжа Саъд Жўйборий томонидан ташқи пеш тоғи ва ёнларидаги ҳужралар таъмир этилиб (1586), пештоқ безагида майда ёзувли ва нақшли кошин ишлатилган. Ҳовли ғарбидаги ҳужра тепасида ганчкори безаклар орасида таъмирловчи уста Исмоил ибн Тоҳир ибн Маҳмуд Исфаҳоний номи сақланган. Абдураззоқ Самарқандийнинг хабар қилишича, Улугбек (1419 й. 28 нояб. да) мадрасага келиб илм олувчи талабаларга инъомлар улашган. Бизгача Улуғбек мадрасаси анча ўзгарган ҳолда етиб келган. 16—17-а. ларда, 1950—70 ва 1990—96 й. ларда таъмирланган. Нақшларида юлдузсимон безаклар кўп. Айвон устунлари зарҳалланган. Эшик табақаларига араб тилида «Билим олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир», деган ибора ўйиб ёзилган.