УЛУҒБЕК МАДРАСАСИ

УЛУҒБЕК МАДРАСАСИ — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (1417 — 22). Регистон ансамблининг ғарбида жойлашган. 2 қаватли, тўғри тўртбурчак тархли (56×81 м). Бош тарзи майдонга қараган, маҳобатли пештоқ мужассамотида кенг тоқили равоқ (бал. 16,5 м), унинг 2 ёнида гулдасталар (бал. 32 м) бор. Равоқ тепасидаги юлдузли осмон акс этган қанос безаклари ўзига хосдир. Гулдаста тепаси муқарнас, шарафалар билан якунланган. Пештоқ равоғи чети морпеч шаклида, токчасидаги намоёнлар ўзига хос услубда пардозланган. Пештоғи, гулдастаси ва ташқи деворларида гириҳ нақшининг турли бетакрор намуналари акс этган. Ганчкори панжаралар орқали хонага ёруғлик тушиб туради. Мовий ва кўк кошин ҳамда сопол гиштлар воситасида Самарқанддаги Улугбек мадрасас геометрик нақшлар билан безатилган девор сатқи ёзувлар билан ўзаро уйғунлашиб, кўзга яққол ташланиб туради. Пештоқ орқали чорси ҳовли (30×30 м)га ўтилади. Ҳовли атрофи 2 қаватли ҳужралар (48 та) билан ўралган, ҳар бир қужра қазноқ, ётоқхона, умумий хонадан иборат. Мадрасанинг шим. ва жан. тарзлари ўртасида ташқи томондан алоҳида пештоқлар бор. Мадрасанинг 4 томонини дарсхона ва айвон эгаллаган. Масжид (22×8 м) жан. шарқий томонга чўзилган. Ташқи тўрт бурчагида 4 та баланд минора бор. Хонақоҳ ва баъзи ҳужралар ичкариси нақшин безаклар билан пардозланган. Безаклари орасида куфий ва сулс ёзувлари учрайди. Вайрон бўлган 2қавати, қийшайган гулдастаси, деворларидаги кучиб кетган безаклар кайта тикланган (1936), В. Шухов ва М. Мауэрлар лойиҳаси асосида шим. шарқий минораси таъмирланган (1932). Э. Гендель қийшайган минорани ўз қолига келтирган (1965). Таъмирлашда А. Умаров, Ш. Ғафуров, К,. Жалилов, И. Шермуҳамедов, А. Қулиев каби усталар қатнашган. Улуғбек мадрасаси меъморий шакли, тузилиши жиҳатидан Ўрта Осиё меъморлигида шу турдаги бинолар орасида энг мукаммал юксак санъат намунаси хисобланади.