УЛУҒ МУҲАММАД

УЛУҒ МУҲАММАД (? 1445) Олтин Ўрда хони (1419—37, танаффуслар бн), Қозон хонлиги асосчиси, Жалолиддиннинг ўғли, Тўхтамишнинг набираси. Идиқу (Едигей) вафотидан сўнг Олтин Ўрда тахтини эгаллаб, 1419—23 й. ларда Ўзбек улусига (Жўжи улусининг шарқий қисми) эга бўлиш учун (темурий Шоҳрух б-н бўлган иттифоққа суянган ҳолда) Бароқ билан қаттиқ кураш олиб борган. Бароқдан мағлуб бўлгач, 1423 й. Волга Булғориясига қочган, лекин 1426 й. Литва буюк князи Витовт кўмагида яна Олтин Ўрда тахтига ўтирган. 1428 й. турк султони Мурод II билан дўстона алоқа ўрнатиб, Қримни ўз ҳокимиятига тобе этган. 1433 й. Москва князи Василий II Васильевичга улуғ князлик ёрлиғини берган. Ўзаро ички курашлардан заифлашган ва мамлакат ичкарисида ўзига мустаҳкам таянч топа олмаган Улуғ Муҳаммад 1437 й. тахтни Кичик Муҳаммадга беришга мажбур бўлган. Ока дарёси бўйидаги Белов ш. га қочган, 1438 й. ўз ўрдаси билан Ўрта Волгага кўчган ва Волга Булғорияси аҳолисини бўйсундириб, Янги Қозон хонлигини барпо этган. Шим. Шарқий Русга бир неча бор юришлар қилган (1439 й. Москвага, 1444—45 й. ларда Муром, Рязань ва Суздалга). 1445 й. Москва улуг князи Василий II ни асир олган. Улуғ Муҳаммад сулоласи 1521 й. барҳам топган.