УЛОТРИКС

УЛОТРИКС (Ulothrix) — улотриксдошлар оиласига мансуб ипсимон шохланмаган кўп ҳужайрали яшил сувутлар туркуми. Хужайрасида битта тасмасимон хроматофор, битта ёки бир нечта пиреноид, битта ядро бор. Бир вақтнинг ўзида жинссиз ва жинсий кўпаяди. Айрим ҳужайраларида тўрт хивчинли зооспоралар етишса, қўшни ҳужайраларида икки хивчинли изогаметалар ҳосил бўлади. Зиготаси редукцион бўлиниб, гаплоид ҳужайралар ҳосил қилади. Уларнинг биридан янги Улотрикс униб чиқади Улотрикснинг 25 тури чучук сувлар ва денгизларда тарқалган.