УЛОҚ

УЛОҚ, кўпкари — Ўрта Осиё халқларининг қад. оммавий, миллий ўйинларидан бири. Асосан, ғалаба ва ҳосил байрамлари, тўй ва сайиллар муносабати билан ўтказилган. Ҳукмдор ва ҳар хил амалдорлардан ташқари ўзига тўқ одамлар, ҳатто одций аҳоли ҳам Улоқ ўйинларини ташкил этган. Кўпроқ хатна (чипрон) тўйларида расм бўлган. Улоқ туркий халклар, айниқса, унинг қўнғирот, қурама, минг, манғит, ойрат, ёйилма, кенегас, қипчоқ, барлос каби уруғлари орасида оммалашган. Улоқ томошалари олдидан махсус жарчилар қишлоқ, овулларга юборилиб, одамлар гавжум жойларда, бозорларда Улоқ ким томонидан, қаерда, қачон ва нима мақсадда ўтказилаётганлигини ҳамда қўйиладиган совринларни эълон қилган. Турли жойда ҳар хил қоида бўйича (чортоқ, судратма, марра, пойга, пакка, минбар ва б. номлар билан аталган) Улоқ ўйини уюштирилган. Улоқ кўнгилочар томоша ёки шунчаки ўйин бўлмасдан ўғил болалар, йигитларни мард, жасур, эпчил, довюрак қилиб тарбиялаш вазифасини бажарган. Улоқ ўйинлари от наслини яхшилашга, чидамли, тез ҳаракат қиладиган зотларини кўпайтиришга ёрдам қилган. Қорабайир, араби, ахалтекин, қурама, лақай, кустанай, қорабоғ ва ҳоз. Орлов от зотлари Улоқ чи отлар қисобланади.

Улоқ халқ ўйини, асосан, 2 қисмдан — солим (қоқма) ва пойтадан иборат. Солим (қоқма). Чортоқ устидаги баковуллар (ҳакамлар) улоқ (сўйилиб ички аъзолари, бош ва оёклари кесиб олинган эчки ёки бузоқ)ни тўдага ташлайди. Тўдадаги чавандозлар У. ни олиб, тортишиб, энг кучлиси Улоқни маррага етказиб бериши лозим. Ким Улоқни маррага ёлғиз ўзи ҳалол олиб келса, унга аввалдан белгиланган мукофот тақдим этилади. Катта тўйларда мукофотга пул, мато, кийим, гилам, қўчқор ва б. қўйилади. Пойга, у 2 турдан иборат: отда чавандознинг пойгаси (қ. Пойга) ва Улоқ билан чопиш пойгаси. Улоқ билан пойгада белгиланган жойдаги Улоқни олиш учун ҳакамлар рухсат бергандан кейин чавандоз от чоптириб бориб Улоқни ердан кўтариб олиши ва маррага етказиши керак. Кейинги йилларда Улоқ ўйинлари спорт турига киритилди ва Ўзбекистонда республика миқёсида расмий мусобақалар, халқаро турнирлар ўтказила бошланди (яна қ. От спорти). 1998 й. Самарканд вилоятининг Челак туманида, 1999 й. «Алпомиш» достонининг 1000 йиллигига бағишланиб Навоий вилоятининг Хатирчи туманида республика мусобақалари ташкил қилинди. 1халқаро мусобақа Навоий вилоятидаги Исломобод жамоа хўжалигида бўлиб ўтди (1999 й., 27—29 нояб.), унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари билан бирга Навоий, Самарканд вилояти вакиллари алоҳида жамоа сифатида иштирок этди.

Улоқнинг спорт тури сифатида халқаро миқёсида 38 мамлакатда (2004 й.) тан олинишида Ўзбекистон от спорти ва улоқ федерацияси томонидан Улоқ мусобақаларининг умумий қоидалари ишлаб чиқилиши ва Халқаро «кок бору» (У. — кўпкари) федерациясининг таъсис этилиши (2001 й. 7—11 нояб., Бишкек) нинг аҳамияти катта бўлди.

Ўзбекистонда алоҳида Улоқкўпкари федерацияси тузилди (2002 й. 29 апр.). Федерация туман, вилоят, республика мусобақаларини уюштиради. Ад.: Сам и бе ков Р., Чавандознинг белбоги, Т., 1998; Йўлдошев С., Жўраев Н ., Улоқ — шижоатли ва жасур суворийлар ўйини, Фарғона, 2002.

Тальат Усмонхўжаев, Жўрақўзи Турдиматов.