УКРОП

УКРОП, шивит (Anethum) — соябонгуллилар оиласига мансуб бир йиллик, баъзан икки йиллик ўтсимон ўсимлик; сабзавот экини. Осиё ва Африкада 4 тури усади. Бир йиллик хушбўй Укроп (A. graveolens) тури Евросиё, Америка ва Африкада, Ўрта Осиёда кенг Tapкалган. Ўзбекистонда Укроп қадимий экин ҳисобланади. Илдизи ўқ илдиз, ер устки қисми ўртача шохланган, бал. 18 — 36 см, 6 —12 та тик турувчи сочма барглардан иборат. Гули соябон, икки жинсли. Уруги майда, оч ва тўқ жигарранг. Укроп совуқка чидамли, еругсевар, дастлабки ривожланиш пайтида намликка айниқса талабчан. Барглари таркибида С, В,, В2, РР, Р витаминлари, каротин, фолат кислота, темир, калий, кальций, фосфор тузлари, эфир мойлари мавжуд. Укроп кундалик озиқ-овқат истеъмолида, бодринг, помидор ва б. сабзавотларни тузлашда ишлатилади, тиббиётда турли дорилар тайёрланади, саноатда Укроп ёғи олинади. Уруғи 7 —20 кунда униб чиқади, 30 —40 кунда ўрилади, 60 —70 кунда тўлиқ гуллайди. Ўсув даври қисқа бўлганлиги учун Укропни бир неча марта экиб, ҳосил олиш мумкин. Қишда иссиқхоналарда, очиқ далага эрта баҳорда экилади. Экиш чуқ. 2 —3 см. Ўзбекистонда Укропнинг Ўзбекистон243 ва Ором навлари экилади.

Ад.: Ҳакимов С. А., Ҳакимов А. С, Тошмуҳамедов А. А., Укроп, сабзавот ва полиз экинлари уругчилиги, Т., 2003.