УГОМ ТИЗМАСИ

УГОМ ТИЗМАСИ — Ғарбий Тяньшаннинг бир қисми. Тизманинг жан. ғарбий қисми Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманы ҳудудида. Талас Олатовидан (Манас тог тугуни яқинидан) бошланиб жан. ғарб томон 115 км га чўзилган. Писком ва Угом дарёлари оралиғида. Унинг жан. ғарбий қисми Ўзбекистонда, шим,шарқий қисми эса Қозоғистон ҳудудида. Сувайирғич яқинидан икки давлатнинг чегараси ўтади. Ўртача бал. 3000—3500 м, жан. ғарб томон пасайиб боради. Ўзбекистондаги қисми анча паст, Чирчиқ дарёси яқинида бал. 1500 м. У. т. нинг айрим чўққилари 3500—4000 м га кўтарилган. Энг баланд чўққиси Сайрам (4238 м). Сайрам чўққисидан Угом тизмаси бир қанча тармоқларга ажралади, булардан энг йириклари Тупроқбел ва Майдонтолдир. Бу тармоқлар анча баланд бўлиб, баъзи чўққилари 4000 м дан юқори — (Тупроқбел — 4234 м). Угом тизмасининг бу қисмида доимий қор уюмлари ва кичик музликлар мавжуд.

Угом тизмасининг сувайирғич қисми асосан, қояли. Баъзи жойларида текисланган юзалар бор. Жан. ғарбий ён бағри анча тик, шим. шарқийси эса бироз нишаброқ. Ён бағирларида кўплаб калта, чуқур даралар бор. Остона ва шаршаралар ҳосил қилувчи дарёлар билан кесилган.

Угом тизмаси герцин бурмаланиши даврида шаклланган антиклинорийдир. Ҳоз. баландлигига янги тектоник ҳаракатлар таъсирида кўтарилган. Палеозой даврига мансуб оҳактош, доломит, қумтош, сланец, гранит, гранодиорит, порфир каби тог жинсларидан ташкил топган. Оҳактошларда карст жараёнлари ривожланган. Сувайирғич қисмидаги текисланган юзаларда каррлар, карст, воронка ва ботиклар, ён бағирларида эса карст ғорлари, қудуклари ва шахталари кенг тарқалган. Угом тизмаси Чорвоқ ботиғини шим. ғарб томондан ўраб туради.

Иқлими тоғга хос, ёғингарчилик, айниқса, унинг шим. шарқий қисмида, кўпроқ (1500—2000 мм). Ён бағирларида типик ва тўқ бўз, қўнғир, жигарранг ўрмон тупроқлари тарқалган. Чалачўл, дашт ўсимликлари, дарё водийларида буталар ўсади. Тоғ ён бағирлари ўрмонзор, сувайирғич қисмида, ўтлоқ даштлар, субальп ва альп ўтлоқлари тарқалган. Ҳайвонлардан ўрмонларда қобон, бўрсиқ, олмахон, тизманинг баланд қисмларида кийик, қор қоплони, бўри, айиқ ва б. ; қушлардан каклик, каптар, булбул, чумчуқ, лочин, калхат ва б. яшайди. Фойдали қазилмаларидан оҳактош, гранит, мармар бор. Угом тизмасининг шим. шарқида ОқсувЖабағли қўриқхонасининг ғарбий қисми жойлашган. Угом тизмасининг Чатқол тоғларига яқин келган жойига Чорвоқ ГЭС тўғони қурилган.