УДИ

УДИ (асл исми Лю Чэ) (мил. ав. 156 — 87) — Хитой императори (мил. ав. 140 — 87); Ғарбий Хань сулоласидан. Тахтни Уди (жанговар император) номи б-н бошқарган. Ниҳоятда қаттиққўл, қобилиятли, шуҳратпараст ва жанговар шахе бўлган. Марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш йўлида сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ислоҳотлар ўтказган. Мил. ав. 127 й. зодагонлар ер мулкларини ворислар ўртасида тақсимлаш ҳақида фармон чиқарган. Мамлакат ҳудудини 14 округга тақсимлаб, маҳаллий ҳокимларни назорат қилиб туриш учун у ерларга йўриқчиларни жўнатган. Маъмурий лавозимларни эгаллаш учун давлат имтиҳонлари топшириш тизимини жорий қилган. Унинг даврида конфуцийликни расмий мафкурага айланиш жараёни якунланган. 40 й. дан ортиқ ҳоз. Корея, Вьетнам, Монголия ҳудудларида мавжуд бўлган давлатларга қарши босқинчилик урушлари олиб борган. Бу урушлар салтанат ҳудудларини анча кенгайтирган, лекин Хитойни заифлаштирган, меҳнаткаш халқ оммаси аҳволини кескин ёмонлаштирган. Ҳун хоқонлигига қарши курашда Ғарбдаги давлатлар билан иттифоқ тузиш учун Марказий Осиёга 2 марта Чжан Цяньни элчи қилиб юборган, унинг ҳисоботи натижасида хитойликлар илк бор Ўрта Осиё халқлари билан танишиш имконига эга бўлганлар. Уди ўз қўшинларининг жанговарлик имкониятларини ошириш мақсадида Фарғона (Дайюан, Даван) отларини сотиб олмоқчи бўлган. Фарғоналиклар бунга кўнмагач, мил. ав. 104 й. Ли Гуангли бошчилигида Фарғонага қўшин жўнатган. Биринчи юришда Хитой қўшинлари Ўзгандан нарига ўта олмаган. Мил. ав. 101 й. Хитой қўшини Фарғона давлатининг маркази — Эрши ш. ни 40 кун қамал қилган (қ. Эрши мудофааси). Уди қўшини Фарғонани қўлга кирита олмагач, у билан битим тузишга мажбур бўлган бўлсада Уди буни ғалаба деб баҳолаган.