УБАЙДУЛЛАХОН

УБАЙДУЛЛАХОН, Убайдулла Султон, Убайдий (тўлиқ исми: Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон ибн Маҳмуд Султон ибн Шоҳ Будоғ Султон ибн Абулхайрхон) (1486, Хоразмнинг Вазир ш. яқинидаги Тирсак мавзеси — 1540.17.3, Бухоро) — Бухоро хони (1533—40), шоир. Шайбонийлар сулоласидан. Муҳаммад Шайбонийхоннинг жияни, Маҳмуд Султоннинг ўғли. Отасининг илтимосига кура, унга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз исмини берган. Тасаввуф бўйича дастлабки сабоқни отасининг пири Мавлоно Муҳаммад Қозидан олган. Убайдуллахонга ўз даврининг машҳур уламолари Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Махдуми Аъзам, Мавлоно Муҳаммад Азизон, Мавлоно Хожа Муҳаммад Садр ва б. устозлик қилган. Хусусан, унга давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган) ҳарбий санъатдан сабоқ берган ва ўзига мурид қилиб олган.

Хоразм ва Бухоро ҳокими бўлган отаси Маҳмуд Султон Қундузда вафот этгач (1504), унга Ўрусбек Дўрмон (1512 й. Кўли Маликда бўлган жангда ўлдирилган) оталиқ қилиб тайинланган. Убайдуллахон амакиси Шайбонийхоннинг Хоразм (1505), Балх (1506), Ҳирот ва Машҳад (1507)га қилган ҳарбий юришларида қатнашган. Дастлаб сафавийлар қўшинининг Мовароуннаҳр ичкарисига бостириб киришидан чўчиган Убайдуллахон ва Муҳаммад Темур Султон (Шайбонийхоннинг ўғли) шоҳ Исмоил I билан элчилар алмашиб, сулҳ тузишга уринганлар. Шайбонийлар сулоласининг хони Кўчкунчихоникнг асосий ноиби (1510 й. дан) ва Бухоро ҳокими (1504 й. дан) сифатида Убайдуллахон душманга карши курашга отланган. 1511 й. да бўлган жангда енгилган Убайдуллахон ва Кўчкунчихон, Самарканд ҳокими Суюнчхўжахон, шунннгдек, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон ўз яқинлари билан Туркистон ш. га чекинадилар.

1512 й. 28 апр. да Кўли Малик жангида Убайдуллахон ғалаба қозониб, Бухоро ва Самарқандни эгаллайди. 1512 и. баҳорида Убайдуллахоннинг шижоати натижасида Мовароуннаҳр яна шайбонийлар кулига ўтди. Бироқ Исмоил I юборган Нажми Соний бошчилигидаги 60 минг кишилик сафавийлар қўшинига суянган Бобур 1512 й. кузида Ғузор ва Қаршини эгаллайди (қ. Қарши мудофааси). Нажми Соний қўшини Ғиждувонни қамал қилишга киришди. Убайдуллахон ва Жонибек Султон Карманага; Кучкунчихон ва Темур Султон Миёнколга чекиниб, ҳал қилувчи жангга тайёргарлик куришади. 1512 й. 24 нояб. даги Ғиждувон жангида Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин ғалаба қозонган.

1513 й. янв. да Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин Хуросонга ҳарбий юришлар қилиб, сафавийларга кучли зарбалар берди. 1513 й. 11 мартда У. Марвни эгаллайди. Бу орада У. Хоразмни ҳам эгаллаб, ўғли Абдулазизхонни ҳоким қилиб тайинлайди. Узоқ давом этган ҳарбий тўқнашувлардан сўнг Машҳад, Ҳирот (1529) ва б. шаҳарлар эгалланди. У. Ҳиротдаги мураккаб вазиятни тартибга солиш (бу ерда шиаларнинг таъсири кучайиб кетган эди) ва унинг Бухоро билан алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратган. Кучкунчихон вафот этгач, унинг ўғли Абу Саидхон даврида ҳам Убайдуллахон ноиблик вазифасида қолган.

1533 й. да Абу Саидхон вафотидан сўнг, туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи У. Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган. Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида Бухоронинг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги мавкеи кучайди. Бухорода Мир Араб мадрасаси, Мирак Сайд Ғиёс боғи, Кўҳак (Зарафшон) дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ва б. иншоотлар қурилди.

Убайдуллахон яссавия ва нақшбандия тариқатларига эътиқод қилиб, шайх сифатида муридлар ҳам тарбиялаган. Убайдуллахон «Убайдий», «Қул Убайдий», «Убайдуллоҳ» тахаллуслари билан узбек, форс ва араб тилларида ижод қилган. Унинг учала тилдаги девонларини ўз ичига олган куллиёти кейинчалик Мир Ҳусайн алҲусайний томонидан кўчирилган (1583). Убайдуллахоннинг туркий девонида 310 ғазал, 430 рубоий, 11 туюқ, 18 маснавий, 7 муаммо, 2 ёрёр мавжуд. Шунингдек, девондан диний-тасаввуфий ва ахлоқийдидактик рухдаги «Омонатнома», «Шавқнома», «Ғайратнома», «Сабрнома» манзумалари урин олган. Форсий девонида эса 163 ғазал, 418 рубоий, 7 қитъа, 1 фард, 1 маснавий, 1 таржеъбанд ва 3 муаммо бор. Араб тилидаги мероси 35 га яқин ғазал, қитъа ва фардлардан иборат. Убайдуллахон Аҳмад Яссавий асос солган ҳикматнавислик анъанасини ривожлантирган. Ундан 1786 байтдан иборат 220 дан ортиқ ҳикмат етиб келган. Убайдуллахон ижодида динийтасаввуфий ғоялар етакчилик қилади.

Убайдуллахон ўзбек ва форс адабиётидаги йирик рубоийнавислардан ҳисобланади. Унинг бу 2 тилдаги рубоийлари 850 га яқин. Хусусан, ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти Убайдуллахон номи билан боғлиқ. Шоир шеърларида ўзбек тилининг бой имкониятларидан, узига хос хусусиятларидан маҳорат билан фойдаланган.

У. Бухоро яқинида жойлашган Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳон (Шохлар дахмаси)даги шайбонийлар хилхонасида дафн этилган. Убайдуллахон куллиёти ягона нусхада Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тининг қулёзмалар фондида (инв. №8931), «Девони Убайдуллохон» қўлёзмаси Туркиянинг Нури Усмония кутубхонасида (инв. №4904), «Масоил уссалот» номли терма баёзи Кўниёдаги Иззатқуюн хусусий кутубхонасида сакланади.

Ас: Қул Убайдий, Вафо қилсанг, Т., 1994.

Ад: Фазлаллаҳ ибн Рузбихан Исфахани, Михманнамейи Бухара, М., 1976; Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири ақбоб, Т., 1993; Мирза Мухаммад Хайдар, Тарихи Рашиди, Т., 1996; Ҳофиз Таниш алБухорий, Абдулланома, 1 — 2китоблар, Т., 1999—2000.