УБАЙДУЛЛАХОН II

УБАЙДУЛЛАХОН II, Убайдулло Муҳаммад Баҳодирхон (1681 — Бухоро — 1711.16.3) — Бухоро хони (1702—11), аштархонийлар сулоласидан. Субҳонқулихоннинг ўғли. Бухорода Мадраса таҳсилини олган. Субҳонқулихон вафоти арафасида валиаҳд қилиб невараси Балх ҳокими Муҳаммад Муқимхонни тайинлайди. Бирок, Бухоро уламолари ва қўшиннинг мададига таянган У. II Бухоро тахтини эгаллайди (1702 й. сент.).

Балх ҳокими Муҳаммад Муқимхоннинг оталиғи ҳисобланган Маҳмуд қатағон (қ. Маҳмудбий) Бухорога бўйсунмасликдан ташқари Қубодиён (1703), Термиз (1704)ни ҳам Балхга қўшиб олиб, Балхни мустақил деб эълон қилган. Бекларнинг сарой фитнаси натижасида Муҳаммад Муқимхон ўлдирилгач (1707 й. март), У. II Балх устига катта қўшин билан юриш қилади ва шаҳарни эгаллайди (1707 й. 27 май).

Убайдуллахон II мураккаб шароитда Бухоро хонлигини бошқарган. Иқтисодий таназзул ва ички низолардан ташқари жунғорлар (қалмоклар)нинг ҳарбий босқинлари (мас, Самарқандга ҳужум, қалмоқлар хуружидан қочган қозоклар ва қорақалпоқларнинг Мовароуннаҳр ҳудуди (Тошкент ва б. жойлар)га кўчиб келиши вазиятни яна ҳам мураккаблаштирган. Ана шундай шароитда Убайдуллахон II давлатнинг иқтисодий негизини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар кўрган. Аввало у маъмурий соҳада ислоҳотлар ўтказиб, давлатни бошқаришга ўрта табақа: хунармандлар ва савдогарларни жалб қилган. Убайдуллахон II ҳатто марказий ҳокимиятни кучайтириш учун йирик ер эгаларининг имтиёзларини қисқартирган (мас, Жўйбор хожалари солиқ тўлашга мажбур қилинган). Бироқ Жўйбор шайхлари катта сиёсий куч бўлиб, Убайдуллахон II ўтказаётган сиёсат учун хатарли мухолифга айланишган.

Убайдуллахон IIнинг сиёсий фаолиятида пул ислоҳоти ҳам алохида ўрин тутади. Убайдуллахон II пул ислоҳоти ўтказиш орқали давлат хазииасини тўлдиришни, бебош амирлар, беклар ва уруғ бошлиқлари билан курашда ўз мавқеини кучайтириш ва айрим маҳаллий ҳокимларнинг айирмачилик интилишларини бартараф қилиб, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга интилди. Бироқ Убайдуллахон IIнинг ислоҳотлари бадавлат табақалар ва айрим ўртаҳол шаҳарликлар томонидан нохуш кутиб олинди. Убайдуллахон IIга қарши ғалаёнлар кўтарилди.

Убайдуллахон II мамлакатда ободончилик ишларига эътибор қаратган. У Мадраса ва Бухоронинг ғарбида Хонобод чорбоғи (1709)ни барпо қилган. Тарихчи Мир Муҳаммад Амин Бухорий унинг саройида бош мунший бўлиб, Убайдуллахон IIнинг сиёсий фаолияти ҳақида «Убайдулланома» (1716) асарини ёзган. Муҳаммад Юсуф Муншийнинг «Тарихи Муқимхоний» ва Абдураҳмон Толенннг «Тарихи Абулфайзхон» асарларида ҳам Убайдуллахон II фаолияти акс этган.

Убайдуллахон II сарой фитнаси натижасида Бухоронинг Пири Мирза чорбоғида ўлдирилган. У Бухоро яқинида — Баҳоуддин мажмуасилагм Дахмаи шоҳонда отаси Субҳонқулихон қабри ёнида дафн этилган.