УБАЙДУЛЛАЕВА

УБАЙДУЛЛАЕВА Маърифат (1929.4.6, Наманган вилояти Чодак қишлоғи) — Ўзбекистон халқ артисти (1983). 1953 — 61 й. лар Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театрида, 1961—92 й. лар Андижон вилоят мусиқали драма театрида, 1992 й. дан Аббос Бакиров номидаги Андижон ёшлар театрида актриса. Ширин («Фарҳод ва Ширин»), Хэмнолина («Ганг дарёсининг қизи»), Санам («Азиз ва Санам»), Ойпарча, Нодирабегим («Нодира»), Лайли («Лайли ва Мажнун»), Зулхумор («Равшан ва Зулхумор»), Нурхон («Нурхон»), Жамила («Бой ила хизматчи»), Катарина («Ўжар қизнинг қуюлиши»), Нигоройим («Меҳробдан чаён»), Момо («Ҳаёт эшик ортида»), Наргиз («Наргиз») каби роллари унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Убайдуллаева лирик ва характерли роллар устаси бўлиб, унинг ижоди юқори овоз, драматик маҳорати, бадиий ифодаси ҳаётийлиги билан ажралиб туради. «Элюрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (2002).