ЦЮЙ ЮАНЬ

ЦЮЙ ЮАНЬ (тахм. мил. ав. 340-278 й. лар) — хитой шеърияти тарихида номи маълум бўлган биринчи шоир. Шеърларида поймол бўлган адолат, ватан тақдири учун азоб чекувчи олижаноб қалб олами, юксак ахлоқий орзуларга садоқат акс эттирилган («Ватан йўлида фидо бўлиш», «Пойтахт Ину хаёлида йиғлайман»; «Хўрланган кишининг қайғуси» марсиядостони ва б.). Ц. Ю. хитой мумтоз адабиётидаги асосий шеърий жанрлардан бири — «чуци»ни яратган; унинг ижоди фольклор шеъриятидан сўз санъатининг юксак босқичларига ўтишидан далолат беради. Туҳмат қурбонига айланиб, қувғунда яшаган ва ўзини ўзи ўлдирган.