ЦАНГА

ЦАНГА (нем. Zange) — цилиндрик ёки призматик шаклдаги деталларни қисиб қўйиш учун мўлжалланган мослама. Пружиналанувчан (қисилиб-кенгаювчан) қисми қирқма втулкадан иборат. Металл кесиш ёки ёғочга ишлов бериш станокларида қисувчи патрон сифатида, ўзаги (графити) қисиб қўйиладиган қаламларда ишлатилади. Цанганинг бир томонлама ва икки томонлама турлари бор. Ц. каллак, ўрта кием, пружиналанувчи қисм ва йўналтирувчи қисмлардан иборат. Каллак томонида қисиш кулачокларини иккига ажратиб турувчи ўйиғи бўлади. Детални Цангага ташқи ёки ички сиртидан қисиб қўйиш мумкин. Детални Цангага қисиб қўйиш учун конуссимон қисмининг ташқи ёки ички сиртига ўқ томонга йўналган куч таъсир эттириш лозим. Цанга металл (станокларда) ёки пластмасса (қаламларда) дан ясалади.