ЦВЕЙГ

ЦВЕЙГ Стефан (1881.28.11, Вена – 1942.22.2, Петрополис, Рио-де-Жанейро яқинида) австриялик ёзувчи. Вена ва Берлин ун-тларида ўқиган. 1-жахрн уруши йилларида Австрия ҳарбий вазирлиги архивида хизмат қилган ва урушга қарши мақолалар ёзган. Дастлаб Зальцбургда, кейин Лондон (1934 й. дан), Нью-Йорк (1940 й. дан), Петрополисда яшаган. «Кумуш торлар» (1901) шеърий ва «Эрика Эвальд муҳаббати» (1904) насрий тўпламларида француз символистлари таъсири сезилади. «Илк кечинмалар» (1911), «Амок» (1922), «Туйғулар тўлқини» (1927) ҳикоялар тўпламларида Цвейг инсон руҳиятининг сирли томонларини, шахсий ҳаётининг зиддиятли манзараларини тасвирлашга уринган. «Мендель нодир китоблар сотувчиси» (1929), «Янги ихтисослик билан дафъатан танишув» (1936) каби қикоялари бор. Ц. ижодида биографик роман, эссе ва очерклар, айниқса, катта бадиий қимматга эга. Унинг Л. Н. Толстой, А. Стендаль, 3. Фрейд, Ф. Ницше ва б. га бағишланган биографик асарларида давр руҳи, ижоднинг ширин ва азобли дақиқалари, тасвир этилган ижодкорнинг руҳий ва маънавий олами ёрқин мужассамлантирилган. Цвейгнинг «Жаҳон бунёдкорлари» (1920— 28) туркумига кирган эсселари орасида Ф. М. Достоевский, Ч. Диккенс, Р. Роллан ва б. ёзувчиларга бағишланганлари алоҳида эътиборга сазовор, «Бальзак» (1946) асари жаҳон адабиётидаги биографик роман жанрининг энг яхши намуналаридан.

Сиёсат, Цвейг назарида, ғирром ўйиндан иборат. Шунинг учун у ўз ижодида даврнинг сиёсий масалаларини четлаб ўтиб, сиёсий ўйинлар тегирмонига тушиб қолган ожиз кишиларга хайрихоҳлик б-н қараган («Мария Антуанетта», 1932; «Мария Стюарт», 1935). Цвейг гарчанд машҳур тарихий сиймолар ҳақида «Магеллан» (1938) ва «Америго» (1942) сингари романлар яратган бўлса ҳам, у, биринчи навбатда, 19—20-а. ларда яшаган И. В. Гёте, Т. Манн, Б. Шоу каби сиймолар ҳақидаги бадиийлашган асарлари билан жахрн адабиётида биографик роман, эссе ва очерк жанрларининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшди. «Номаълум аёл мактуби» ҳикояси, «Куйган кўнгил фарёди» ҳикоялар тўплами ўзбек тилига таржима килинган.