ЦИТОСПОРОЗ

ЦИТОСПОРОЗ — мевали ва ўрмон дарахтларининг куриб қолиш касаллиги. Асосан, ёш данакли мева дарахтлари (ўрик, шафтоли) зарарланади. Cytospora туркумига мансуб замбуруғлар қўзғатади. Данакли мева дарахтларининг совуқ таъсирида ёки нотўғри парвариш туфайли зарарланган танаси ва йўғон шохларининг пўстлоғида касаллик қўзғатувчи замбуруғлар ўрнашиб олади ва пўстлоқнинг замбуруғ мицелийлари зарарлаган жойларидан ўсимлик шираси окиб чикади, натижада дарахтлар сўлийди ва қуриб қолади. Кураш чоралари: кўчатларни тўғри экиш, қуриган шох ва дарахтларни кесиб ташлаш; дарахтларни механик ва термик шикастланишдан ҳимоя қилиш; данакли мева дарахтларига эрта баҳорда 1—2% ли бордо суюклиги, мис купороси, темир купороси эритмасини пуркаш.