ЦИСТИЦЕРКОЗ — тасмасимон чувалчанглар (цестодлар синфига кирувчи чўчқа солитёрларининг личинкалари) қўзғатадиган гижжа касаллиги. Одам ва ҳайвонларда учрайди. Чўчқа солитёрининг личинкаси цистицерклар деб аталиб, одатда, чучқанинг кўндаланг тарғил мускулларида яшайди (чўчқа оралиқхўжайин). Одамга цистицеркли чўчқа гўштини чала пишириб истеъмол қилганда юқади. Одам организмига ўтган цистицерк меъда шираси таъсирида парчаланади ва паразит ўз сўрғичлари билан ингичка ичак деворига ёпишиб, шу ерда жинсий етилади. Ичакда етилган гижжа одамда тениоз касаллигини қўзғатади. Баъзи ҳолларда, яъни бемор қайт қилганда ичакнинг тескари қисқариши туфайли гижжанинг ичакда етилган бўғимлари меъдага, қизилўнгачга тушиб, улар деворидаги қон томирларига ўтади ва у ерда тухумидан онкосфералар чиқади. Онкосфералар қон ва лимфа орқали бемор скелет мускулларига, бош ва орқа мияга, кўзга ва б. га тарқалиб, цистицеркларга айланади (бунда одам оралиқ хўжайин бўлиб қолади). Цистицерклар одам организмида ойлаб, йиллаб яшайди ва уни сурункали заҳарлаб туради. Цистицерклар қўзғатадиган касалликлар оғир кечиб, улар қайси аъзода паразитлик қилса, ўша аъзо қаттиқ зарарланади (мас, кўз хиралашади, бош қаттиқ оғрийди, бемор тиришади, тутқаноқ тутади ва ҳ. к.).
Цистицерклар жойлашган аъзога ва касаллик белгиларига кўра даво қилинади. Олдини олиш учун гўшт маҳсулотларини яхшилаб пишириб ейиш, шахсий ва овқатланиш гигие-наси қоидаларига қатъий риоя қилиш, беморларни вақтида даволаш, оқар сувларни ифлослантирмаслик зарур.
Ҳайвонларда Цистицеркоз қорамол, қўй, эчки, от, чўчқа, туя, ит ва б. да учрайди (жинсий етилган гижжа гўштхўр ҳайвонларнинг ичагида паразитлик қилади). Цистицеркоз ҳайвонларга паразитнинг тухуми тушган озуқа ёки сув орқали юқади. Цистицерклар скелет ҳамда чай-нов мускуллари, юрак, тил, бош мия ва б. аъзо ва тўқималарда ҳар хил кат-таликдаги пуфакчалар кўринишида ри-вожланади.
Олдини олиш: Ц. сабабли сўйилган чорва моллари гўшти ва аъзолари зарарсизлантирилади ва кўмиб ташланади; фермалар ва моллар сўйиладиган жойларга итлар қўйилмайди; итлар вақтвақти билан гельминтсизлантирилади.