ЦИСТА

ЦИСТА (юн. — пуфак) — кўпчилик бир ҳужайрали организмларнинг вақтинчалик яшаш шакли; муҳофаза қобиғи. Бир қужайрали ҳайвонлар (айрим хивчинлилар, сохта оёқлилар, споралилар, инфузориялар)да тиним даври ва кўпайиш Ц. си бўлади. Тиним даври Цистаси ноқулай шароит (қурғоқчилик, совуқ)да ҳосил бўлади. Паразит бир ҳужайралилар Ц. си уларни ташқи муҳит орқали бир организмдан иккинчисига ўтишини таъминлайди. Бундай Циста бир неча йил сакланиб крлади. Кўпайиш Цистаси қисқа вақт давомида ҳосил бўлади; бу вақт давомида циста ичидаги организм бўлиниб, бир неча организмни ҳосил қилади.

Ўсимликлар ва замбуруғларда Циста кўпчилик бир ҳужайрали сувўтлар (перидинен хризомонадлар, эвгленалар ва б.) да ҳамда хитридиевсимон замбуруғларда бор. Ц. ҳужайра девори қалинлашуви натижасида, кўпинча об-ҳаво ёмонлашганда ҳосил бўлади. Қулай шароит бўлиши б-н циста пусти ёрилиб, организм ўса бошлайди.

Бактерияларда Циста грамманфий бактериялар (азотобактер, спирохеталар ва б.)нинг анабиотик даврга утиши билан боғлиқ. Бактериялар Циста сининг ҳужайра девори калинлашган; радиация ва қурғоқчиликка чидамли. «Циста» термини микробактериялар мевали танаси махсус қисми — миксоспоралар тўпламига нисбатан ҳам қўлланади (яна қ. Бактериялар, Бир ҳужайралилар).