ЦИРРОЗ

ЦИРРОЗ (юн. Йггпоз — сарғиш, малла ранг) — паренхиматоз аъзолар (жигар, ўпка, буйрак ва б.) бириктирувчи тўқималарининг зўр бериб ўсиши оқибатида чандиқланиб бужмайиши ва шаклининг ўзгариши. Жигар циррози кўпроқ учрайди. Аслида Цирроз номи ҳам касалланган жигарнинг сарғиш тусга киришидан олинган. Буйрак (нефроцирроз), ўпка (пневмоцирроз) ва б. аъзолар ҳам Цирроз б-н касалланади. Цирроз юқумли касалликлар, интоксикация, моддалар алмашинувининг бузилиши, турли хил яллиғланиш оқибатида келиб чиқади. Цирроз бўлган аъзода дистрофик ўзгаришлар (қ. Дистрофия) ва некроз (тўқиманинг ўлиши) пайдо бўлади. Паренхима ўлган жойда бириктирувчи тўқима ўсиб, чандиқланади, бетартиб регенерация ўчоклари ҳосил бўлади. Аъзо, одатда кичрайиб (катталашуви ҳам мумкин), қаттиқлашади ва юзаси ғадир-будур бўлиб қолади (яна қ. Склероз).