ЦИРКОНИЙ ДИОКСИД

ЦИРКОНИЙ ДИОКСИД, ZrO2 — цирконийнинг ягона барқарор оксиди, оқ рангли кристалл модда. Бир неча модификациялари мавжуд. Цирконий диоксиднинг барқарор модификацияси табиатда бадделеит минерали кўринишида учрайди. Суюқланиш т-раси 2710°, қайнаш т-раси 4500° атрофида. Зичлиги 5,86 г/см3, Моос шкаласи буйича қаттиклиги 6,5. Сувда, кўпчилик кислоталар, ишқорлар, тузлар ва барча органик эритувчиларда эримайди. Фторид кислота, концентрланган сульфат кислота, эритилган шиша ва бурада эрийди. Цирконий диоксид цирконийнинг термик бекарор бирикмаларини (гидроксиди, нитрати, оксалати ва б.) қиздириш натижасида ҳосил бўлади. Оловбардош материаллар олишда, силлиқловчи материал сифатида, бўғиқ сир ва эмаллар тайёрлашда қўлланади.