ЦИОЛКОВСКИЙ Константин Эдуардович

ЦИОЛКОВСКИЙ Константин Эдуардович [1857.5(17).9, Рязань вилояти — 1935.19.9, Калуга] — авиация, аэродинамика ва ракеталар динамикаси соҳасидаги рус олими ва ихтирочиси; болалигида оғир касалликдан кейин кар бўлиб қолиб, ўқишни давом эттиролмаган. 1879 й. да ўқитувчилик унвонига имтиҳон топширган. Боровск (Калуга губерняси) даги уезд билим юртида мат. ва геометриядан дарс берган (1880 — 98). 1880-81 й. ларда бу соҳадаги мавжуд ихтиролардан бехабар «Газлар назарияси» илмий ишини ёзиб, унда газлар кинетик назарияси асосларини тавсифлади. 1897 й. да Россияда биринчи аэродинамик труба қурган. Кейинроқ дунёда биринчи бўлиб ракета назариясига ва суюқ ёнилғили ракета двигатели назариясига асос солган. Илмий ишлари 3 муаммога: металл аэростат (дирижабль)ни илмий асослаш (1885 — 92), аэропланнинг суйрилиги (1894 й. да эълон қилинган), сайёралараро ракеталар (1896 й. дан) га бағишланган. Учишда реактив ҳаракатдан фойдаланиш ғояси биринчи марта Циолковский томонидан 1883 й. да баён этилган. Циолковский 1903 й. да «Реактив асбоблар билан фазони тадқиқ этиш» асарида биринчи бўлиб ракета ҳаракати фазода ва тортишиш майдонида ўзгарувчан массали жисм ҳаракатига ўхшашлигини, сайёралараро алоқада ракеталардан фойдаланиш мумкинлигини асослаб берди. 1929 й. да «Космик ракета поездлари» асарида босқичли ракета ҳаракати назариясини яратди. Ерга сунъий йўддош бўладиган ракета масаласи билан биринчи бўлиб шуғулланди, Ердан ташқарида ст-ялар қуриш фикрини илгари сурди. Ойдаги кратерга Циолковский номи берилган.