ЦИНЬ

ЦИНЬ — Хитойдаги императорлар сулоласи (мил. ав. 221—207). Асосчиси — Цинь Шихуанди. Пойтахти — Сяньян ш. Ц. ҳукмронлиги даврида Хитой тарихида илк маротаба марказлашган давлат тузилган; мамлакат ҳудуди 36 та округга тақсимланган, уларни император томонидан тайинланган амалдорлар бошкарган. Шим. ва Жан. да олиб борилган тинимсиз урушлар, Буюк Хитой девори ва кўплаб саройларнинг қурилиши солиқларнинг кўпайишига сабаб бўлган. Мил. ав. 209 й. охири — 208 й. бошида мамлакатда халқ қўзғолони кўтарилган. Унга Чэнь Шэн, У Гуан, Любан ва б. раҳбарлик қилган. Мил. ав. 207 й. окт. да Лю Бан армияси Сяньянни эгаллаган, Цинь сулоласи тугатилган.