ШПЕНГЛЕР

ШПЕНГЛЕР Освальд (1880.29.5, Бланкенбург, Гарц — 1936.8.5, Мюнхен) — немис файласуфи, тарихчи, ҳаёт фалсафаси намояндаси. Асосий асари «Европанинг сўниши» (1918—22) катта муваффақият қозонгандан сўнг танилган. 20-й. ларда фашизмга яқин йўналишдаги публицистик чиқишлар қилган, аммо 1933 йил нацистларнинг ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги таклифларини рад этган. Шпенглерга Ницше фалсафаси ҳал қилувчи таъсир кўрсатган. Шпенглер ўз қарашларида чексиз кенгайиб кетган органик ҳаёт тушунчасига таянади. Маданиятни у «организм» сифатида талқин қилади ва ягона, умуминсоний маданият йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Шпенглер 8 та маданиятни: Миср, Ҳинд, Бобил, Хитой, «аполлон» (юнонрум), «афсунгарлик» (византия-араб), «фауст» (Ғарбий Европа) ва майя маданиятини ажратиб кўрсатади; руссибирь маданияти пайдо бўлиши кутиляпти, деб уқтиради. Шпенглерга кўра, ҳар бир маданий «организм»га унинг ички ҳаётий циклига боғлиқ ҳолда олдиндан муайян муддат (минг йилга яқин) белгилаб берилади. Маданият ўлиб бориб ўрнини цивилизация эгаллайди. Маданиятдан цивилизацияга ўтиш ижодкорликдан унумсизликка, тиклана боришдан қотиб қолишга, қаҳрамонона ишлардан оддий ишга ўтишни англатади; юнонрум маданияти учун бу жараён эллинизм даврида, Ғарб дунёси учун эса — 19-асрда рўй берди ва унинг «сўниши» бошланди. Шпенглернинг фикрича, цивилизация кириб келиши билан бадиий ва адабий ижоднинг кераги бўлмай қолади. Шунинг учун у маданиятга доир нарсаларни йиғиштириб қўйиб, соф техницизмга берилишни таклиф зтади.