ШАВКАТ БУХОРИЙ

ШАВКАТ БУХОРИЙ (тахаллуси; исми Муҳаммад Исҳоқ) (17-а. нинг 20й. лари, Бухоро — 1695/1699, Исфаҳон) — форстожик шоири. Бухорода таҳсил олган. Саррофлик билан шуғулланган. Ҳиротга келиб, шаҳар ҳокими Сафоқулихон Шомлу ва унинг вазири Мирзо Саъдуддин хизматида бўлган. Дастлаб Нозик тахаллуси б-н шеърлар ёзган. Шавкат Бухорий ўз даврининг етук шоири, ҳинд услубининг намояндаларидан бўлган, нафақат замондош, балки ўзидан кейинги шоирларга ҳам таъсир кўрсатган. Малеҳо Самарқандийнинг «Музаккир уласҳоб», Мирзо Муҳаммад Тоҳир Насрободийнинг «Тазкираи Насрободий», Ғуломалихон Озод Билгиромийнинг «Хизонаи Омира», Шамсиддин Сомийнинг «Қомус улаълом» тазкираларида шоир ҳақида маълумот берилиб, шеърларидан намуналар келтирилган. Исфаҳонда у билан 7 ой давомида мулоқотда бўлган Малеҳо ўз тазкирасидан ўрин олган 202 шоир ичидан фақат Шавкат Бухорийга батафсил ва юксак баҳо берган. У анъанавий услубни янгилаган, оҳорли ва гўзал фикру ташбехларни ўзига хос усудда бадиий юксак ифодалаган. Анъанавий ишқ мавзуи билан бирга, шоир ижодида таржимаи ҳол руҳидаги, ватандан ва дўстлардан жудолик, дунё, замон ва одамлардан шикоят оҳангидаги шеърлар етакчилик қилади. Ҳаётсеварлик, панду насиҳат ва б. ҳам шоир ижодининг асосий хусусиятларидан ҳисобланади.

Меросининг асосий қисмини қасида, ғазал, қитъа ва рубоийлар ташкил этади. 6221 байтдан иборат шеърий мероси тўпланиб, 1987 й. да Душанбада нашр қилинган. Девонининг нусхалари Тошкент, Душанба, Москва, СанктПетербургдаги қўлёзма фондларида сақланади.

Ас: Бухорийлар бўстони, Т., 1997. Ад..Тўхсанов Қ., Шавкат Бухорийшеьриятининг услуби ва бадияти, Самарканд, 1998.