ШАБКЎРЛИК

ШАБКЎРЛИК (форс — тун, кеча) , гемералопия — қоронғида кўриш қобилиятининг бузилиши. Шабкўрлик кўпинча туғма бўлиб, болалик ва ўсмирлик даврида асосан ўғил болаларда кузатилади, аксарият оилавий-ирсий хусусиятга эга бўлади. Симптоматик Шабкўрлик кўзнинг турли органик касалликлари (глаукома, кўрув нерви атрофияси, хориоретинит ва ҳ. к.) да касалликнинг бир белгиси сифатида учрайди. Функционал Шабкўрлик кўпроқ овқат таркибида А витамини етишмаслиги ёки бўлмаслиги натижасида пайдо бўлади. Шабкўрликда бемор ним қоронғи ёки тузук ёритйлмаган хоналарда, куннинг ғирашира пайтларида ва тунда, ёруғдан қоронғига ўтганда кўра олмай қолади (айни вақтда ёруғликда яхши кўради). Кейинроқ ранг ажрата олмаслик аломатлари намоён бўлади, асосан, кўриш майдони торайиб, кўриш ўткирлиги ҳам пасаяди. Шабкўрликка кўз тўр пардаси таёқча қужайралари (қ. Кўз) структурасининг органик ўзгаришлари ёки шу ҳужайра таркибига кирувчи кўз пурпури (родопсин) нинг функционал етишмовчилиги сабаб бўлади. Кўз пурпури оқсилнинг А витамини билан ҳосил қилган комплекси бўлиб, кўзнинг қоронғиликка мослашувида муҳим аҳамиятга эга. У ёруғлик таъсирида (ретинин ва специфик оқсилга) парчаланади, қоронғида эса (бевосита А витамини иштирокида) тикланади ва шу билан таёқчаҳужайралар функционал қобилиятини тиклайди.

Шабкўрликда кўз тўр пардасида қопқора пигмент таначалари пайдо бўлиб, улар борган сари кўпайиб боради. Қон томирлари торайиб, тўр парданинг ўзи юпқалашади, унинг озиқланиши бузилиб, сўнг кўриш бутунлай йўқолади. Шабкўрликнинг ҳамма шаклларида сервитамин (А витаминига бой) овқатлар (сут, сариёғ, балиқ мойи, жигар, сабзи, кўк пиёз, укроп, петрушка ва б.), витамин препаратлари буюрилади.

Шабкўрликка хос аломатлар сезилса дарҳол мутахассис врачга кўриниш лозим.