ШОУМАРОВ

ШОУМАРОВ Шораҳим (1876 Тошкент — 1969.12.1) — ҳофиз, созанда (дутор, танбур, сато). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944). Дастлаб Тўйчи ҳофиздан хонандалик санъати, Абдусоат Ваҳобовшл дутор чалишни ўрганган. Кейинчалик Назирхон ҳофиз, Мадумар ҳофиз, Абдуқаҳҳор ҳофиз, Ёдгорҳожи танбурчилардан мумтоз куй ва ашула ва Фарғона—Тошкент маком йўллари, танбур чертишни ўзлаштирган. Шоумаров миллий мусиқа маданиятини ривожлантиришда фаол қатнашган: 1910-й. лар Тошкентда «усули жадид» («Раҳимия», «Урфон») мактаблари қошида мусиқа тўгаракларига раҳбарлик қилган; Туркистон халқ консерваториясиии ташкил этилишида фаол қатнашган. Шу ерда (1919—22), Тошкент мусиқа техникумида (1923—40) ўқитувчилик қилган. 1927 йилдан Ўзбекистон радиоси халқ чолғулари ансамбли (кейинчалик оркестри)да хонанда ва созанда.

Шоумаров ўзбек мусиқали театри шаклланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган: 1910—20 йилларда Тошкентда саҳналаштирилган спектакллар («Кичик аскар», «Эрк болалари», «Заволли Ватан», «Ҳалима», «Ятим ва Ятима» ва бошқалар) учун ўзбек мумтоз ва халқ куйларини танлаб, шеърлар матнига боғлаб мослаштирган. Айниқса, Хуршид саҳналаштирган «Фарҳод ва Ширин» (1922) мусиқали спектаклига Тўйчи ҳофиз билан ўзбек мусиқа меросидан танлаган куйлари асар таъсирчанлигини оширган; кейинчалик ушбу асар В. Успенский яратган мусиқали драмага асос бўлган. Шоумаров ўзбек мумтоз, айниқса, Фаргона ва Тошкент мусиқа анъаналари билимдони бўлган. Шу боисдан Н. Миронов, Е. Романовская, В. Успенский ва бошқалар у ижро этган кўпгина ашулаларни нотага олиб бир неча тўпламларга киритган. Шоумаров созгар сифатида ҳам танилган: ясаган ва нозик таъб билан садаф қадаб безаган чолғулари Москва (1923) ва Париж (1925) кўргазмаларида намойиш этилган.

Баҳриддин Насриддинов.