ШЎРСУВ

ШЎРСУВ — Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги шаҳарча (1934 йилдан). Олай тоғларининг шим. чеккасидаги адирда. Шўрсувсой водийсида. Қўқон шаҳридан 35 км жан. ғарбда. Яқин т. й. станцияси — Яйпан (12 км). Аҳолиси 3 минг кишига яқин (2004).

Шаҳарча Шўрсувсой водийсида нефть ва пирит (олтингугурт колчедани) конлари топилиши муносабати билан вужудга келган. Шўрсув ён атрофидаги конлари қадимийдан маълум бўлган. Бу ердан топилган археологик ёдгорликлар қадимий кончилик ишларидан далолат беради. 19-асрнинг 1-ярмида Шўрсув конлари Қўқон хонлигининг мулки бўлиб, бу ердан олтингугурт, аччиқтош, тоғ муми қазиб олинган. Шўрсувда ғишт з-ди, сопол идишлар хом ашёси — қизил тупроқни кукун қиладиган зд, таъмирлашмеханика, олтингугурт майдалаш цехлари, автокорхона, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Умумий таълим мактаби, маданият уйи, кутубхона, тиббий муассасалар, профилакторий мавжуд. Яйпан—Ш., Қўқон — Ш. йўналишларида автобуслар қатнайди. Шўрсув яқинида Шўрсув нефть кони бор.