ШОЖАЛИЛОВЛАР

ШОЖАЛИЛОВЛАР — ака-ука хонанда ва созандалар, ўзбек анъанавий ижрочилигига катта ҳисса қўшган санъаткорлар. Шожалилов Шоқосим (1909.9.9 — Тошкент — 1984.9.7) — хонанда ва созанда (танбур), Ўзбекистон халқ ҳофизи (1950). Тошкент мусиқа техникумини тугатган (1927), Ўзбекистон радиосининг халқ чолғулари ансамблида созанда ва хонанда (1930—73). Шожалилов Шоолим (1921.21.5 Тошкент 1989.29.9) ҳофиз ва созанда (танбур, дутор). Ўзбекистон радиосининг халқ чолғулари ансамблида хонанда (1942—53). Шожалилов Шоакбар (1926.3.2 — Тошкент —1987.3.9) — ҳофиз ва созанда (танбур, тор). Ш. санъаткорлар оиласидан бўлиб, отаси Шожалил ҳофиз, амакиси Ш. Шоумаров, тоғаси Тўйчи ҳофиз, шунингдек, Ю. Ражабий, А. Ваҳобов, А. Ҳайдаров, Ж. Султонов, Домла Ҳалим ва бошқалардан мақом, ашула ва чолғу йўлларини ўзлаштирганлар. Шожалиловлар лирик, диапазони кенг овоз соҳиблари бўлиб, ҳамнафаслик ижро услубида ўзига хос самимийлик ва ширадорликка эришган. Шожалиловларнинг ашула ва мақом йўлларини талқин этилиши овозлар ва жўрнавоз созлар ҳамоҳанглиги, жумлаларнинг маромига етказиб айтилиши, миллий хонандалик анъаналарига хос бўлган сайқал ва қочиримлардан моҳирона фойдаланиш, жозиба ва жўшқинлик, мумтоз ижро услуби билан ажралиб туради. Репертуаридан ФарғонаТошкент мақом йўллари («Баёт», «Чоргоҳ», «Ушшоқ», «ГулёрШаҳноз», «Тошкент Ироғи»), ашула («Кўча боғи — 12», «Илғор», «Гиря», «Сувора», «Муножот», «Эшвой», «Найларам») ва ялла («Фиғондур», «Ҳажрингда», «Жонон жамолинг») ўрин олган. Шожалиловлар ижро этган мақом ва ашула йўллари Ўзбекистон телерадиокомпанияси фонотекасига, бир неча грампластинкага ёзилган.

Рустам Абдуллаев.