ШОҲИМАРДОН МАЖМУАСИ

ШОҲИМАРДОН МАЖМУАСИ — Хоразм вилоятидаги меъморий ёдгорлик (19-аср); Шоҳимардон қабристонида. Мажмуа турли даврларда қурилган мақбара, қорихона, ошхона, мужовур (мулла) ва зиёратчилар учун ётоқхона ҳамда унинг атрофида бунёд этилган хон авлодлари ва аслзодаларнинг мақбараларидан ташкил топган. Хоразмда Шоҳимардон номи билан машҳур бўлган халифа Али шарафига қурилган асосий мақбара пештоқгумбазли, бир хонадан иборат, пештоғи 2 қатор ғиштин шарафа билан якунланган, юзаси майда кошинкори яшил «печак» ва «тўртбурчак» шакллар билан қопланган. Йўл ёқаси бўйлаб жойлашган 3 та қорихона сўнгги давр меъморлигига хос услубда барпо этилган. Бир хил катталикда қурилган пештоқли 2 мақбара (бири 7 гумбаз, иккинчиси 2 гумбаз билан ёпилган) ён деворларига анъанавий ясси равоқлар ишланган. «Қўш мозор» номи билан кенг тарқалган ер ости мақбараси 3 қисмли бўлиб, бош тарзидаги пештоқ орқали марказий хона — миёнсаройга кирилади, миёнсаройнинг 2 ёнида кулоҳий гумбаз билан ёпилган гўрхоналар жойлашган, шаклдор равоқларга ўрнатилган ички гумбази ганч ўймакорлиги билан безатилган. Айрим бинолар бузилган.