«ШОҲ ЙЎЛИ» — мил. ав. 6-асрнинг сўнгги чорагида, Доро I ҳукмронлиги даврида қурилган транзит алоқа йўли. Мил. ав 1-минг йиллик ўрталарида, Ахоманийлар давлати таркибига киритилган Ўрта Осиёнинг қадимий халқлари ва вилоятлари ҳам ўша даврнинг ҳарбийсиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида катта из қолдирган халқаро алоқалар тизимида фаол иштироқ эта бошладилар. Ахоманий ҳукмдорлар ва маҳаллий ҳокимларсатраплар бу алоқаларда катта ўрин тутган алоқасавдо йўллари фаолиятига алоҳида эътибор беришган. Юнон тарихчиси Геродот ўзининг «Тарих» асарида бу йўл ҳақида муҳим маълумотлар қолдирган. Унга кўра, бу йўл дастлаб ахоманийларнинг йирик савдо ва маъмурий марказларидан бўлган Суза шаҳрини Кичик Осиё ва Ўрта денгиз бўйидаги шаҳарлар билан боғлаган. 2400 км га чўзилган бу йўлнинг ҳар 24—25 км масофасида, яъни бир кунлик йўлда махсус бекатлар қурилган. Бу бекатларда элчилик миссияси аъзолари, чопарлар, савдо карвонлари дам олиши учун шароитлар яратилган бўлиб, махсус хизматдаги кишилар учун доимо чопқир отлар етарли миқдорда мавжуд бўлган. Шошилинч хабар олиб кетаётган чопар бу бекатларда отни алмаштириши ёки хабар ва хатни бу бекатлардаги бошқа махсус чопарларга бериши мумкин бўлган. Шу тариқа шошилинч хабар ва маълумотлар улкан империянинг турли бурчакларидан пойтахт шаҳарга жуда қисқа муддатда етказиб берилган. Сўнгги археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, «Шоҳ йўли»нинг бир тармоғи шим. шарққа йўналтирилган бўлиб, Марғиёна ва Бақтрия ҳудудлари орқали Ҳиндистонгача етиб борган. Бу даврда Ўрта Осиёнинг жан. ҳудудларида ҳам бир кунлик йўл масофасида, яъни ҳар 24—25 км да махсус бекатлар барпо этила бошлаганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу бекатлар, одатда, мустаҳкамланган истеҳком шаклидаги работлар кўринишида бўлиб, карвон йўлларини қўриқлаш вазифасини бажарувчи кичик ҳарбий қисмлар ҳам шу ерда жойлаштирилган эди. Бу работлар, ўз навбатида, Ўрта Осиёдаги қадимий карвонсаройлар вазифасини ҳам бажариб келар эди. Уларда давлат хизматчилари, чопарлар, савдо карвонлари, ҳарбий қисмлар, сайёҳлар ва бошқаларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган эди.
Шу тариқа мил. ав. 5—4-асрларда Ўрта Осиёнинг жан. ҳудудларида ҳам Ахоманийлар салтанатининг марказий вилоятларида фаолият кўрсатувчи йўлларга монанд алоқа йўллари тизими, почтаалоқа хизмати барпо этила бошланган. Доро I томонидан барпо этилган «Шоҳ йўли» фаолияти 4-асрнинг сўнгги чорагида Александрнинг ҳарбий истилолари натижасида тугатилган, лекин Ўрта Осиёдаги алоқа йўллари тизими ва алоқапочта хизмати ўз аҳамиятини сақлаб қолган ва ривожланган.
Ўктам Мавлонов.