ШОФИРКОН

ШОФИРКОН — Бухоро вилояти Шофиркон туманияаги шаҳар (1995 йилдан), туман маркази (1926 йилдан). Вилоят маркази (Бухоро)дан 40 км. Яқин т. й. станцияси — Қизилтепа (32 км). Аҳолиси 17 минг киши (2004), асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, қозоқ, татар, рус, украин ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди.

Ш. Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири. Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида ёзилишича , шаҳар номи «Шопурком», яъни Шопур қаздирган ариқ (канал) сўзларидан келиб чиққан. Кейинроқ ариқ ёнида вужудга келган қалъа ҳам «Шопурком» деб аталган дейилади. Шофирконда ўрта асрларда савдо ва ҳунармандчилик ривож топган. Шофиркон ҳақида айрим маълумотлар Маҳмуд ибн Валининг «Баҳр аласрор» («География») (17-аср) асарида ҳам келтирилган. Айнийнинг ёзишича, 19-аср охирлари ва 20аср бошларида Шофиркон ва унинг атрофидаги қишлоқларни бир неча марта қум босган.

Шофирконда вино з-ди, гилам тўқиш ф-каси, Бухоро пиллакашлик ф-каси филиали ва бошқалар саноат корхоналари, 4 қурилиш ташкилоти, босмахона, деҳқон бозори, новвойхона, автовокзал, меҳмонхона, алоқа бўлими, турли банклар бўлимлари, 100 дан ортиқ савдо, жамоат овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. 3 умумий таълим мактаби, иқтидорли болалар интернат мактаби, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Мухтор Ашрафий номидаги санъат мактаби, 3 касб-ҳунар коллежи (қ. х., маиший хизмат кўрсатиш, иқтисодиёт коллежлари) бор. 9 кутубхона, маданият уйи, маданият ва истироҳат боғи, «Хотира» ёдгорлиги, стадион, 10 дан ортиқ спорт майдончалари, 5 спорт зали мавжуд. Марказий туман касалхонаси, 4 поликлиника, 10 дорихона аҳолига хизмат кўрсатади.

Ад. Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966; Махмуд ибн Вали, Море тайн относительно доблестей благородных (География), Т., 1977; Бухоро Шарқдурдонаси, Т., 1997.