ШОФИЪИЙЛИК

ШОФИЪИЙЛИК — суннийликдаги диний-ҳуқуқий мазҳаблардан бири. Муҳаммад ибн Идрис аш Шофиъий асос солган. Шофиъийлик моликийлик ва ҳанбалийлик диний-ҳуқуқий тизимига яқинроқ туради. Шофиъийлик тарафдорлари ислом ҳуқуқидаги қиёс ва раъйни тўла маъқулламайди, Қуръон, сунна ва ижмони асосий манба деб билади. Ҳанафийликка қўшимча манба сифатида амал қилиб келинган «истиҳсон» қоидаси ҳам Шофиъийликда рад этилган. Шофиъийлик дастлаб Сурия ва Мисрда шаклланган, ўрта асрларга келиб Яқин Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Ҳоз. вақтда Миср, Индонезия, Шим. Кавказ, Шарқий Африка мамлакатларининг баъзиларида, қисман Сурияда ва жан. араб султонликларида эътиқод ва ибодатга доир амалларни Шофиъийлик мазҳаби бўйича бажарувчи мусулмонлар бор.