ШИШАСИМОН ТАНА — 1) мембрана билан ўралган тиниқ дирилдоқ модда. Кўз соққаси бўшлиғидаги кўз гавҳари билан тўр парда орасини тўлдириб туради. Шишасимон тана кўзнинг диоптрик (ёруғликни синдирадиган) қисми бўлиб, кўз тўр пардасига ёруғлик нури ўтишини таъминлайди. Катта ёшдаги кишилар кўзининг Шишасимон танасида қон томирлар бўлмайди. Шишасимон тананинг суюқ қисми ёпишқоқ гиалурон, аскорбин кислота, туз ва бошқалар моддалар, нозик оқсил фибриллардан иборат.
2) қорамол кўзи Шишасимон тана сидан олинадиган дори препарат; биоген стимуляторлар гуруҳига киради. Эритма ҳолида бўғим контрактурасида, куйиш, шикастланишдан сўнг чандиқ тўқималарнинг текис битиши, уларни юмшатиш мақсадида, невралгия ва радикулитда оғриқ қолдирувчи модда сифатида ишлатилади.