ШИШ

ШИШ — организм тўқималари ва бўшлиқларида кўп миқдорда суюқлик тўпланиши. Кўпинча бу ҳолат терида, тери ости ёғ қаватида, плеврал ва қорин бўшлиқларида, юрак олди халтачасида, мояк ва ҳ. к. да кузатилади. Шиш суюқлиги сув, натрий ва калий тузлари, бирмунча миқдорда оқсил ҳамда лейкоцитлардан иборат. Лейкоцитлар, айниқса, яллиғланишга хос Шиш ларда кўп бўлади.

Капилляр томирлар орқали мунтазам равишда тўқима суюқлиғи билан қон плазмаси ўртасида алмашинув юз беради. Қон томирлар девори орқали атрофдаги тўқималарга суюқлик чиқиб туради. Агар атрофдаги тўқималарга томирлардан кўп миқдорда суюқлик чиқиб унинг сўрилиши қийинлашса ёки бутунлай тўхтаб қолса, Шиш пайдо бўлади. Бу жараёнга томир йўллари ва атрофдаги тўқималарда натрий, калий ва оқсиллар миқдорининг ўзгариши имкон беради. Бундай ўзгаришлар томирларнинг кенг кўламда шикастланиши, веналарнинг варикоз кенгайиши, тромбофлебит, юрак етишмовчилиги, буйрак касаллигида (қ. Нефрит) қон оқимининг секинлашишида пайдо бўлади. Шиш кўпроқ, сувтуз алмашинувининг бузилишида юзага келиши аниқланган. Шиш тарқалишига кўра у му мий ва маҳаллий бўлади. Умумий Шиш гавданинг кўп қисмини эгаллаши, оёққўл ҳамда танада бир текисда тарқалиши билан ифодаланади. Умумий Шиш юрак етишмовчилигида, буйракнинг баъзи касалликларида, жигар циррозида кузатилади. Умумий Шиш қорин бўшлиғида қон айланишининг бузилиши, унда суюқлик тўпланиши — асцит билан кечади. Маҳаллий Шиш кўпинча бирор вена қон томирининг эзилиши ёки яллиғланиш реакцияси натижасида пайдо бўлади.

Шишган аъзо, тана қисми ёки оёққўл катталашади ва шакли ўзгаради. Тери шишганда унинг эластиклиги камаяди, баъзан у оқариб, муздек бўлади (яллиғланиш ва баъзи аллергик Шиш бундан мустасно). Шиш пайдо бўлганда у тананинг қаеридалиги ва ҳажмидан қатъи назар дарҳол врачга мурожаат этиш лозим.

Шиш кенг тарқалиб, танада узоқ сақланса тўқималарнинг озиқланиши бузилади ва организмга осонлик билан инфекция киради, бу эса яралар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундай вақтда терини мумкин қадар шикастланишдан сақлаш, уни ниҳоятда тоза тутиш зарур. Бунинг учун ички кийимни тезтез алмаштириб туриш, терини калий перманганат (марганцовка)нинг кучсиз эритмаси билан артиш ва бошқалар тавсия этилади. Тери ёрилганда ва шилинганда унга бриллиант яшилининг 1% ли эритмасини (зеленка) суртиш керак.

Шиш сабаби врач томонидан аниқланган кишиларга кўпинча Шишнинг ҳажми ва тарқалишини, кундалик қабул қилинаётган ҳамда чиқарилаётган суюқлик миқдорини назорат қилиб туриш, ош тузини чеклаш, баъзан таркибида калий кўп маҳсулотлар, (сутли маҳсулотлар, туршак, баргак ва ҳ. к.) истеъмол қилиш буюрилади.

Юрак, жигар, буйрак касалликлари бор беморлар ўз вақтида врачга мурожаат этишса, бу уларда Шиш пайдо бўлишининг олдини олишга имкон беради.