ШИРИНБЕКА ОҒО МАҚБАРАСИ

ШИРИНБЕКА ОҒО МАҚБАРАСИ — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (14-аср охири); Шоҳизинда таркибида. Амир Темурнинг синглиси Ширинбека оғога атаб қурилган. Мақбара равоғи ичидаги арабий битикда муҳим тарихий ҳужжат сақланган (таржимаси): «Бу қабр маликаи муаззама, мукаррама Ширинбека оғо Тарағай (бек) қизиники. Равзасини Аллоҳ нурли этсин. Сана 787» (мил. 1385/6). Мақбара пештоқгумбазли, бир хонали (зиёратхона, 6,2×6,2 м), хона тўрида дахма бор. Зиёратхона тагида кичикроқ сардоба — гўрхона жойлашган. Мақбаранинг бош тарзи серҳашам кошинкори безатилган, турли нақш ва ёзувлар қолдиғи сақланган (қолган тарзлари безаксиз). 4 меҳробий равоқ устига гумбаз боғланган; гумбазнинг нақшлари сопол кошин ва ғиштчалардан терилган, ранглар уйғунлашиб, жуда нафис ва серҳашам кўринади. Ички деворларига тилла ҳалли ислимий нақшлар, қушчалар, манзаралар тасвири ишланган. Кесма кошин ишлатилган дастлабки етук иншоот бўлган Ширинбека оғо мақбараси шаклу шамойили, безаклари жиҳатидан 14-аср 90-й. ларида эришилган меъморий юксалишнинг мукаммал намунаси сифатида қадрлидир.