ШИРИН БИЛАН ШАКАР

«ШИРИН БИЛАН ШАКАР» («Эрали ва Шерали») — ишқийроманикдостон. Фозил Йўлдошўғли, Пўлкан шоир, Бекмурод бахши Жўрабой ўғли, Ёрлақаб бахши Бекназар ўғли каби халқ шоирлари куйлаган. Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган (1929). Асарда эмикдош Ширин билан Шакарнинг ўгай она туҳмати билан хон оталари томонидан ўлимга ҳукм қилиниши ва уларнинг узоқ муддатли айрилиқ ва дарбадарликдан сўнг ўз юртига қайтиб келиши тасвирланади. Достонда дарбадарликда юрган Шакарнинг тилсимли тоғда аждар қўриқлаб ётган Гулгун парига ғойибона ошиқ бўлиши ва унга етишиш йўлида аждар ҳамда золим шоҳ Қорахонга қарши кураши ҳам қамраб олинган. Достонда элюртга муҳаббат, севгида садоқат, инсонпарварлик, баҳодирлик каби фазилатлар улуғланган. Достон 2 марта мустақил китоб (1941, 1955) ҳамда халқ оғзаки ижоди асарлари туркумининг 19-китоби («Орзигул»)да нашр қилинган (1975).