ШЕРОЗИЕВА

ШЕРОЗИЕВА Гулхон (1920.10.1, Чимбой шаҳри 1978.18.1, Нукус) — Ўзбекистон халқ артисти (1957). 1936 йилдан Қорақалпоқ давлат мусиқали драма ва комедия театри актрисаси. Ж. Оймурзаевнинг «Ўзингдан чиққан балога…» асаридаги Аноргул Шерозиеванинг саҳнада яратган илк образидир. Шерозиева характерли роллар устаси бўлиб, миллий руҳ, миллий нутқ талаффузига алоҳида эътибор бериш, лирик нафосат, самимийлик ижодига хос. Гулсара (К. Яшин, «Гулсара»), Ойпар (М. Дарибаев, «Кўклен ботир»), Гулпарчин Н(. Довқораев, «Алпомиш»), Ойсанам, Ойсулув (С. Хўжаниёзов, «Суймаганга суйканма», «Ўзбошимча шоҳ»), Ҳурлиман (Ж. Оймурзаев, «Бердақ»), Шоҳсанам (А. Бегимов, Т. Олланазаров, «Ошиқ Ғариб»), Осиё (У. Хожибеков, «Аршин мол олон»), Тозагул (Р. Мажидов, «Қора юраклар»), Жибек (Г. Мусрепов, «Қиз Жибек») каби роллари билан қорақалпоқ театр санъатида салмоқли ўрин эгаллади. Шерозиева кучли овоз соҳибаси бўлиб, «Дембермес», «Одингнан», «Авезим» каби қўшиқлар ва, айниқса, халқ қўшиқларини моҳир ижрочиси бўлган. Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти лауреати (1967).