ШЕЛЬДА

ШЕЛЬДА, Эско — Европадаги дарё, Франция, Бельгия ва Нидерландия ҳудудларидан оқади. Уз. 450 км, ҳавзасининг майд. 35,5 минг км2. Фландрия текислиги бўйлаб оқади ва эстуарий ҳосил қилиб, Шим. денгизга қуйилади. Асосий ирмоқлари — Лис (чапдан) ва Рюпел (ўнгдан). Ўртача сув сарфи 100 м3/сек., қуйи қисмида денгиз сув кўтарилишлари рўй беради. Дарёда кема қатнайди, Антверпен шаҳригача денгиз кемалари ҳам кира олади. Каналлар орқали Сена, Сомма, Маас дарёлари билан боғланган. Шельда бўйида Гент, Антверпен шаҳрилари жойлашган.