ШАВҚИЙ КАТТАҚЎРҒОНИЙ

ШАВҚИЙ КАТТАҚЎРҒОНИЙ (тахал луси; исми Муҳаммад Шариф) (1785 — Каттақўрғон тумани — 1861) — шоир. Бухородаги Говкушон мадрасасида таҳсил олган. Ўзбек, тожик ва араб тилларида ижод қилган. Унинг бир девон ва турли баёзлардаги лирик шеърларининг умумий ҳажми 3000 мисра атрофида. Булар ичида ғазал салмокли ўрин тутади. Шавқий Каттақўрғоний шеъриятида, шунингдек, мухаммас, мусаддас, мусаббаъ, мусамман, муашшар, маснавий, рубоий, фард, қитъа, марсия, мувашшаҳ, чистон жанрига мансуб шеърлар ҳам учрайди.

Шавқий Каттақўрғонийнинг шеърларида инсондаги гўзал маънавий фазилатлар мадҳ этилган. У Бедил, Навоий, Фузулий, каби шоирларнинг адабий анъаналарини давом эттириб, ўзининг комил инсон борасидаги фикрларини фалсафий мушоҳадалар, тасаввуфий қарашлар, диний эҳтирослар пардасига ўраб берган.

Шавқий Каттақўрғоний мусулмончилик қонунқоидаларининг қисқа мажмуи — «Мухтасар улвиқоя» маснавийсини «Миръот алмухтасар» номи билан тожик тилида шарҳлаган. Тахм. 23 минг мисрадан иборат бўлган бу рисола 26 боб — фаслга бўлинади. Ҳуқуқ мезонлари, ахлоқийтаълимий қарашлар ҳар бир фаслда баён шаклида бериб борилган. Асар охирида китобдаги арабча сўз ва истилохларнинг луғавий маъноларига изоҳ берувчи сўзлик илова қилинган. Шунингдек, араб грамматикасига оид «Рисолаи қофия ё миръот уннаҳв» асарини ёзган. Шавқий Каттақўрғоний девонлари нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти (инв. №4634) ва Тожикистон ФА Шарқшунослик ин-ти (инв. № 1899) да сакланади.

Ас: Танланган асарлар, Т., 1964.

Ад.: Ўзбек адабиёти тарихи [4 ж. ], Т., 1978.