ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ, Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти — Ўрта Осиё ва Хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи, маданияти, фани тарихи, Шарқ мамлакатлари ривожининг замонавий муаммолари, мустақил Ўзбекистон билан бу мамлакатларнинг кўп қиррали алоқаларини ўрганадиган йирик илмий текшириш муассасаси. Тошкент шаҳрида жойлашган.

1943 йил Ўзбекистон Давлат халқ кутубхонасининг Шарқ бўлими асосида ташкил топган ва 1950 йилгача Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти деб аталган. 1950 йилда эса интда олиб борилаётган илмий соҳалар қамровини ҳисобгаолиб, Шарқшунослик институти деб номланган. 1957 йил унга Абу Райҳон Беруний номи берилган. Институтда уруш даврида В. И. Беляев, Е. Э. Бертельс, Н. В. Дьяконова, А. Н. Кононов, Н. Д. МиклухоМаклай, И. П. Петрушевский, О. И. Смирнова, кейинчалик эса И. Абдуллаев, С. Азимжонова, А. К. Арендс, Б. Ахмедов П. Г. Булгаков, А. Ирисов, У. И. Каримов, С. Мирзаев, А. Муродов, А. Носиров, И. Одилов, М. Г. Пикулин, А. Расулов, М. А. Салье, А. А. Семёнов, М. М. Хайруллаев, А. Ўринбоев каби йирик шарқшунослар ишлади.

Шарқшунослик институтида 80 мингга яқин алоҳида асарларни ўзига жамлаган 25 мингдан ортиқ қўлёзма китоблар (9—20-аср бошларига оид) мавжуд. Тошбосма ва нашр этилган китобларнинг умумий сони 28 минг жилдни ташкил этади. Улар ўзбек, араб, форс, тожик, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқалар шарқ халқлари тилларида ёзилган бўлиб, ўрта аср ва ундан кейинги даврлар фанининг турли тармоқларига, яъни тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, исломий илмлар ва тасаввуф, фалакиёт, кимё, табобат, геогр., доришунослик, тил, мусиқа, мат., маъданшунослик ва бошқалар соҳаларга оид.

Инт фондида Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Бакр Розий, Имом ал-Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Мотуридий, Фирдавсий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Умар Хайём, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Бедил, Хожа Аҳрор асарлари билан бирга Ўрта Осиё хонликлари даврига тегишли бир неча минг ҳужжатлар, ёрлиқлар, вақфномалар тўпланган.

Институтдаги илмий текшириш ишлари қўлёзмаларни каталоглаштириш, манбашунослик, Шарқ фани ва маданияти тарихига оид ёзма манбаларни таржима ва тадқиқ этиш, исломшунослик, Шарқ мамлакатларининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволи, уларнинг Узбекистон Республикаси билан мавжуд алоқаларини ўрганишга қаратилган.

1952—81 йилларда Ин-т фондидаги қўлёзмаларнинг 11 жилдли «Собрание восточных рукописей Академии наук УзССР» («Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари тўплами») каталоги, 1998—2000 йилларда қўлёзмаларнинг «История» («Тарих»), «Естественнне науки» («Табиий фанлар»), «Медицина» («Табобат»), «Краткий каталог суфийских произведений 18—20 вв.» («18—20-асрлар тасаввуфига оид асарларнинг қисқа каталоги») номли мавзу каталоглари, Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абу Наср Форобий, Амир Хусрав Деҳлавий асарлари қўлёзмаларининг каталоглари, «Каталог Хивинский казийских документов 19 — нач. 20 вв.» («19—20-аср бошларига мансуб Хива қозилик ҳужжатлари каталоги», 2001 йил), 3 жилдли «Oriental Miniatures» («Шарқ миниатюралари») каталоги (2003—2004 йил) нашр этилди. 1950-51 (1-нашр), 1979-82 (2-нашр) йилларда Абу Али ибн Синонинг «алҚонун фит-тибб» («Тиб қонунлари») асари (5 жилд, 6 китобдан иборат, ўзбек ва рус тилларида), 1957—75 йларда Абу Райҳон Берунийнинг танланган асарлари силсиласи (ўзбек тилида 4 жилдли, рус тилида 7 жилдда) чоп этилди. АлХоразмий ва алФарғонийнинг мат. ва астрономияга оид асарлари таржималари, Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» китобининг русча таржимаси (1996), ислом тарихи ва тасаввуфга оид Имом алБухорий, ал-Марғиноний, ал-Мотуридий, нақшбандия ва яссавия тариқати вакилларининг асарлари, Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти фани тарихини ёритувчи қатор тадқиқот ва таржималар; тарих, адабиёт, геог. га оид бир қанча қўлёзмаларнинг танқидий матнлари ва таржималари, Хорижий Шарқ мамлакатларининг тарихи, адабиёти, маданияти тарихи, Ўзбекистоннинг бу мамлакатлар билан бўлган дипломатик ва маданий алоқалари бўйича монографиялар, илмий мақолалар тўпламлари, илмийоммабоп рисолалар босиб чиқарилади. Интда 7 та бўлим, қўлёзмаларни таъмирлаш устахонаси ва фотолаборатория бўлиб, 63 та илмий ходим ишлайди. 1991 йилдан ин-т «Шарқшунослик» номли илмий альманах нашр этади. 1991 йилдан ин-т Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Туркия, АҚШ, Эрон, Кувайт, Миср, БАА, Ҳиндистон, Хитой, Япония каби мамлакатларнинг илмий марказлари билан ҳамкорлик қилади. 1981 йилда институт Ибн Сино номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлган. 2000 йилда интнинг қўлёзмалар фонди дунёдаги энг бой қўлёзмалар мажмуаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Ад.: Ўринбоев А., Аҳмедов А., Маннонов Б., Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Т., 1993; Муниров Қ., Бебаҳо хазина, Т., 2002.