ШАРҚИЙ ЕВРОПА ТЕКИСЛИГИ

ШАРҚИЙ ЕВРОПА ТЕКИСЛИГИ — Ер шаридаги энг катта текисликлардан бири, асосан, Европанинг шарқий қисмида жойлашган. Шим. да Оқ ва Баренц денгизлари, жан. да Қора, Азов ва Каспий денгизлари, шим. ғарбда Скандинавия тоғлари, ғарб ва жан. ғарбда Марказий Европадаги тоғлар ва Карпат тоғлари, жан., жанубишарқда Қрим ва Кавказ тоғлари, шарқда Урал ва Муғожар тоғлари билан чегарадош. Текисликнинг ўртача бал. 170 м. Шим. Муз, Атлантика океанлари ва Ички берк ҳавза сувайирғичидир. Энг паст қисми жанубида — Каспий денгизи соҳилида. Текисликда бир қанча деярли меридиан бўйлаб чўзилган қирлар (Манселькя, Суоменселькя, Ғарбий Карелия, Валдай, Белорус, СмоленскМосква, ВолиньПодолия, Ўрта Россия, Волгабўйи, Юқори Заволжье, Тиман кряжи ва бошқалар) ва пасттекисликлар (Днепр бўйи, ОкаДон, Қуйи Заволжье, Азов бўйи, Қора денгиз бўйи, Каспий бўйи ва бошқалар) жойлашган. Қирлар денгиз сатҳидан 300 — 350 м баланд (Подолия қирларининг энг баланд жойи 471 м). Сувайирғичлар водийлардан ўрта ҳисобда 20—60 м баланд. Текисликнинг шим. ва марказий (тўртламчи даврда қадимий музликлар босган) қисмларида ясси сувайирғичлар ва музликлар иши натижасида ҳосил бўлган морена тепаликлари, жан. қисмида эса жарлар тарқалган. Шарқий Европа Текислиги ҳудудида РФнинг Европа (ғарбий), Украинанинг шим., шарқий, жан., Белоруссия, Польшанинг шим. ғарбий, Финляндия, Швециянинг катта қисми, Норвегиянинг чекка жан. шарқий қисмлари жойлашган.

Тектоник тузилишига кўра, текислик Шарқий Европа платформасига деярли тўғри келади. Заминида кучли бурмаланган токембрий қадимий (архей, протерозой) тоғ жинслари ётади. Бу жинслар кўтарилган Болтиқ ва Украина қалқонларида ер юзасига чиқиб қолган. Платформа замини устида деярли горизонтал палеозой, мезозой ва кайнозой тоғ жинслари жойлашган. Қалқонлардан ташқари Ш. Е. т. да тектоник ҳаракатлар натижасида пасайган синеклизалар (Москва, Украина, Печора, ВолиньПодолия, Каспий бўйи ва бошқалар) ва кўтарилган антеклизалар (Воронеж, Белорус, ВолгаУрал ва бошқалар) тектоник структуралар мавжуд. Фойдали қазилмаларга бой. Темир рудаси, тошкўмир, қўнғир кўмир, нефть, газ, ёнувчи сланецлар, апатит, марганец, олтингугурт, торф, тузлар, қурилиш материаллари қазиб олинади.

Текислик субарктика ва мўътадил иқлим минтақасида жойлашган. Янв. нинг ўртача т-раси ғарбдан шарққа шим. қисмида —10° дан — 20°гача пасаяди. Ёз ойлари тра шим. дан жан. га 8° дан 24° гача кўтарилади. Йиллик ёғин шим. шарқида 500—700 мм, жан. шарқида 200—500 мм.

Текисликдан бошланувчи дарёлар Оқ ва Баренц (Онега, Шим. Двина, Мезень, Печора ва бошқалар), Балтика (Нева, Даугава, Нямунас ва бошқалар), Қора (Днепр), Азов (Дон), Каспий (Волга, Урал, Эмба) денгизларига қуйилади. Келиб чиқиш жиҳатидан морена, термокарст, қайир, лиман типига мансуб кўл (Имандра, Умбозеро, Ловозеро, Юқори Волга, Ладога, Онега, Ильмень, Сямго, Эльтон, Баскунчак ва бошқалар) кўп.

Шарқий Европа Текислиги ҳудудининг шим. қисми тундра, ўрмонтундра; катта қисми ўрмонлар зонасида, жануброғи ўрмонли дашт ва дашт зоналарида, Каспий бўйи пасттекислигининг шим. қисми чала чўл, жан. қисми чўл зонасида. Бу зоналарда уларга хос тупроқлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар тарқалган. Шарқий Европа Текислиги табиий ресурслар (фойдали қазилмалар, сув, тупроқ, ер, ўрмон, яйлов ва бошқалар)га бой.

Мурод Маматқулов.