ШАРҚ МУЗЕЙИ — жаҳондаги энг йирик музейлардан бири. Москвада 1918 йилда ташкил топган. 1925 йилгача Art Asian (Осиё санъати), 1962 йилгача Шарқ маданияти музейи, 1992 йилгача Шарқ халқлари санъати музейи деб аталган; 1992 йилдан ҳоз. номда. Музей 19-аср 1-чорагида классицизм услубида қурилган бинода (меъмор Д. Жилярди) жойлашган; музей фонди, кутубхонаси ва таъмирлаш устахонаси бошқа бинода. Музей тўпламида қадимий, ўрта асрлар ва замонавий Шарқ мамлакатларининг санъат асарлари сақланади. Музей фонди россиялик таниқли санъат ишқибозларининг шахсий тўпламлари негизида барпо этилиб, бошқа фондлардан ўтказилган, сотиб олинган санъат асарлари ҳисобига бойитиб борилади. Музейда 100 дан ортиқ мамлакатларнинг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати асарлари, илмий экспедицияларда топилган археологик экспонатлар тўпланган. Япония, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Жанубий Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари санъат асарлари музейнинг энг йирик тўпламларидир. Жумладан, ўзбекистонлик рассомлар А. Волков, Н. Карахан, П. Беньков, О. Татевосян, Б. Ҳамдамий, Ў. Тансиқбоев, А. Абдуллаев, Б. Жалолов, Л. Иброҳимов ва бошқаларнинг асарлари ҳам бор.
Музей илмий текшириш институти мақомига эга бўлиб, муҳим илмий текшириш ишлари олиб боради, археологик ва этнографик экспедициялар, конференциялар уюштиради, илмий тўпламлар, йўлкўрсаткичлар, каталоглар, илмий маълумотнома ва маърузалар тўпламлари нашр этади.