ШАРҒУН КЎМИР КОНИ

ШАРҒУН КЎМИР КОНИ — Сурхондарё вилоятидаги кон. Ҳисор тоғ тизмасининг жан. ғарбий тармоғида жойлашган. 1941 йилда очилган. Шарғун кўмир кони қуйи ва ўрта юра даврига мансуб кўмирли ётқизиқлар ичида топилган. Қора Мачитли антиклиналининг жан. қанотида. Бу структуранинг ўзак қисми токембрий гнейс ва сланецлари ҳамда қуйи палеозой қумтошли сланецларидан таркиб топган. Улар ордовик, силур, девон ва карбон даврларига оид терриген ва карбонатли ётқизиқлар билан қопланган. Қуйи ҳамда ўрта юра ётқизиқлари кўмирга бой. Кўмир ётқизиқларининг умумий қалинлиги 26 м. Кўмир қатлами (баъзи бир жойлари узлукли) Гулиоб сойидан Обизаранг сойигача — ғарбдан шарққа 10 км га чўзилган. Шарғун кўмир кони энг йирик қатламининг қалинлиги 12,5 м; қатламларнинг ўртача қалинлиги 4,6 м. Кўмир қатламининг пастки қисми юпқа аргиллит ва алевролит тоғ жинсларидан таркиб топган. Фойдали қатламлар таркибида 5% гача нефть битумлари бўлган турли хил петрографик типдаги кўмирдан иборат. Шарғун кўмир конида кўмир қатламининг ётиш бурчаги бўйлаб тектоник ҳаракатлар содир бўлиши натижасида кўп миқдорда майдаланган кўмир учрайди. Шарғун кўмирининг ёниш қуввати 5690—7302 ккал/кг; ўз-ўзидан ёнмайди, ҳажми 1,35 т/м3, қаттиқлик жиҳатидан 2синфга мансуб. Кулининг ўртача миқдори 16,95% (5,3% дан 23,2% гача). Олтингугурти кам (ўртача 0,02%)ни ташкил этади. Шарғун кўмири — тошкўмир бўлса ҳам майдароқ ва юмшоқроқ, енгил тозаланади, фкада брикетланиб, истеъмолчиларга юборилади. Шарғун кўмир конининг захираси 36 млн. т. Йилига 50 минг т кўмир қазиб олинади. Шарғун кўмири карбид олиш учун хом ашё ҳисобланади.