ШАҲРИХОНСОЙ

ШАҲРИХОНСОЙ — Андижон ва Фарғона вилоятларидаги магистрал канал. Кампирравот гидроузелидан бошланади. 1887 йилда қурилган. Уз. 120 км. Бошланиш қисмида сув ўтказиш имконияти 110 м3/с; Катта Фарғона канали билан кесишган жойида 30 м3/с. Ш. да Асака шаҳри ёнида 2 электр станция канал суви (40 м3/с) билан ишлайди. Каналдаги сув 8 йирик гидроузеллар орқали тақсимланади. 1976 йилдан реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Канал сел, Оқбура ва Аравон дарёларидаги тошқин ҳамда қишки ташлама сувларни қабул қилишга хизмат қилади, бу сувлар канал орқали Асака узелигача келади. Трассанинг 62 км да Шаҳрихонсой Аравонсой дарёси билан қўшилиб кетади ва шу ердан (Найман ростлагичигача) дарёнинг қадимий ўзанида оқади. Жанубий Фарғона канали билан биргаликда Андижон, Фарғона вилоятлари ва Қирғизистоннинг Ўш вилояти (127,5 минг га) ерларини суғоради. Андижон вилоятида Катта Фарғона канали билан кесишган жойигача фақат Шаҳрихонсойнинг ўзидан 68 минг га ер сугорилади.