ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ

ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ — Қашқадарё вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Шим. дан Китоб тумани, шарқдан Тожикистон, Сурхондарё вилояти, жан. дан Яккабоғ, Қамаши, ғарбдан Чироқчи туманлари билан чегарадош. Майд. 1,70 минг км2. Аҳолиси 272,4 минг киши (2004). Туманда 1 шаҳар (Шаҳрисабз): 1 шаҳарча (Мироқи), 12 та қишлоқ фуқаролар йиғини (Дукчи, Кунчиқар, Мўминобод, Наъматон, Оқсув, Тўдамайдон, Хитой, Шакартери, Шаматон, Ўзбекистон, Қутчи, Ҳисорак) бор. Маркази — Шаҳрисабз шаҳри Табиати. Туман ҳудуди Қашқадарё вилоятининг шим. шарқий қисмида, Ҳисор тоғларининг этакларида жойлашган. Туманнинг ғарби очиқ воҳа — Қарши чўлига туташиб кетадиган текисликдан иборат. Тоғлардан оқиб тушадиган Оқсув, Қашқадарё, Танхоздарё, Қизилдарё, Тамшуш, Мироқи дарёлари жарликлар ҳосил қилган. Мироқи тоғ этакларидан қора мармар қазиб олинади. Иқлими континентал. Йиллик ўртача тра 14,7°. Янв. нинг ўртача т-раси 0,8°, энг паст тра —26°.

Июлнинг ўртача т-раси 28°, энг юқори тра 43°. Иилига 545 мм ёғин тушади. Вегетация даври — 219 кун.

Тупроқлари бўз, жигарранг ва қўнғир тоғўрмон тупроқлари. Ёввойи ўсимликлардан қўнғирбош, ранг, шувоқ, оққурай, пашмак, шўра, буғдойиқ, коврак, қарғаоёқ, қамиш, юлғун, янтоқ, тоғ ён бағирларида арча, дўлана, тоғолча, чинор ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан қобон, бўри, айиқ, жайран, қўшоёқ, юмронқозиқ, жайра ва бошқалар учрайди.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; шунингдек, тожик, татар, рус ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 160,2 киши. Шаҳар аҳолиси 98 минг, қишлоқ аҳолиси 174,4 минг киши (2004).

Хўжалиги. Туман хўжалиги, асосан, қ. х. га ихтисослашган. Шаҳрисабз туманида 9 қўшма корхона, кичик корхоналар, 1300 га яқин хусусий корхона, 14 ширкат корхонаси, 19 акциядорлик жамияти мавжуд. Қ. х. нинг етакчи тармоғи пахтачилик. Шунингдек, ғаллачилик, чорвачилик, пиллачилик ҳам ривожланган. Қ. х. да суғориладиган ерлар 18 минг га, шу жумладан, 5,8 минг га ерга пахта, 2,0 минг га ерга сабзавот ва полиз, 2,0 минг га ерга беда, 0,3 минг га ерга картошка экилади. 3,4 минг га ер боғ. Туманда 12 ширкат хўжалиги, 4 та хўжаликлараро корхона, 478 та фермер хўжалиги бор (2004). Ҳисорак сув омбори қурилган. Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида 52,7 минг қорамол, 51,6 минг қўй ва эчки, 800 дан зиёд йилқи, 177,5 минг парранда боқилади.

2003/04 ўқув йилида 109 та умумий таълим мактабида 69 минг ўқувчи таълим олган. Туман ҳудудида 11 та клуб, 11 та маданият уйи, маданият ва истироҳат боғи, музей, 60 кутубхона тармоғи, 2 стадион мавжуд. Тумандаги 14 та касалхона, 8 поликлиника, 18 та қишлоқ врачлик амбулаторияси, 13 қишлоқ врачлик пунктида 775 врач, 3,5 минг ўрта тиббий ходим ишлайди.

Туман ҳудуди орқали Тошкент—Китоб поезди ўтади. Шаҳрисабз билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз, Денов ўртасида ва Шаҳрисабз билан Ҳазора, Шаматон, Қоралойча қишлоқлари орасида автобуслар қатнайди. Тумандаги асосий меъморий ёдгорликлар Шаҳрисабзда жойлашган. 1931 йилдан туман «Кеш» газ. нашр этилади (адади 2182).

Қаҳрамон Ражабов, Алишер Васиев.