ШАҲАРСОЗЛИК

ШАҲАРСОЗЛИК (шаҳар қуриш) — меъморликнинг йирик соҳаси; шаҳар бунёд этиш назарияси ва амалиёти — аҳоли яшайдиган ҳудудлар (турар жсойлар) ни лойиҳа асосида режалаштириш. Ш. ижтимоийиқтисодий, санитариягигиена, қурилиштехника, бадииймеъморий масалалар мажмуини қамраб олади. Шаҳарсозлик мажмуи меъморлик ва қурилиш бунёдкорлиги, жамиятнинг ижтимоий тизими ва ишлаб чиқариш кучларининг тараққиёт даражаси, маданияти, табиий иқлим шароитлари ва миллий ўзига хослиги билан белгиланади. Шаҳарсозлик ўз навбатида қишлоқ аҳоли турар жойларини режалаш, ландшафт меъморлиги, боғ барпо этиш, туманларни режалаш, саноат корхоналари, дам олиш минтақаларини рационал равишда жойлаштириш, экология масалалари каби бир неча тармоқларга бўлинган. Шаҳарсозликда турар жойларнинг нафақат меъморийбадиий қиёфасига, эстетик жиҳатларига, балки ободонлаштиришга — йўллар, айниқса, автомобиль йўлларита, инфратузилма (сув, оқава — канализация, газ, электр ва бошқалар муҳандислик таъминотлари) га катта эътибор берилади. Шаҳарсозликда янги шаҳар, шаҳарча, қишлоқларни қуриш, қадимий шаҳарларни муҳофаза қилиш (реконструкция қилиш), меъморий мажмуалар (кўпроқ турар жой . мавзелари) ни бунёд этиш бош режа асосида амалга оширилади, бунда лойиҳаларни ишлаб чиқиш (тузиш) муҳим ўрин тутади. Бундай лойиҳалар буюртмалар орқали Шаҳарсозликка ихтисослашган илмий текшириш ва лойиҳалаш интларида бажарилади. Тошкентда Ўзбекистон шаҳарсозлик лойиҳалаш ва илмий текшириш институти (ЎзЛИТИ), Тошкент Боштарҳ лойиҳалаш ва илмий текшириш институти ва бошқалар шунга ўхшаш интлар фаолият кўрсатади.

Шаҳарсозлик қадимий тарихга эга. Мил. ав. 3-минг йиллик ўрталари — 2-минг йиллик бошларида қадимий маданият даврида аҳоли кент — манзилларини қуришда мунтазам режалаштириш хусусиятларидан фойдаланилган (Қад. Хитой, Миср, Эрон ва бошқалар). Юнонистон шаҳарлар сиёсий ва диний марказларни ажратган ҳолда режалаштирилган бўлса (акрополь ва бошқалар), қадимий Римда шаҳарларни тўғри бурчакли даҳаларга бўлиш услуби қўлланилган (Помпей, Остия ва бошқалар), Ш. назарияси пайдо бўлган (Витрувий рисоласи, мил. ав. 1-аср). Ўртаасрлар Европасига шаҳарларни стихияли, қалъа деворлари атрофида чизиқли ва айланаҳалқали режалаштириш хос бўлган (Нёрдлиген Германияда, Краков Польшада, Прага Чехияда ва бошқалар). Россияда шаҳарлар тепаликларда, дарёлар куйиладиган жойларда бунёд этилган (Киев, Чернигов, Новгород, Псков ва бошқалар), ҳамма кўча (йўл)лар шаҳар дарвозасига ёки шаҳар савдо майдонларига олиб борган. Айланаҳалқали режалаш Шаҳарсозликнинг мумтоз намунаси ўрта асрлардаги Москвадир.

Уйғониш даври Ғарбий Европа Ш. и учун марказларни мунтазам режалаштириш ва майдон ансамблларути яратиш хос бўлган (Римдаги Капитолий майдони, 1546, меъмор Микеланжело); шаҳар — қалъа лойиҳалари ишлаб чиқилди (Ф. Мартини, Ж. Вазари, В. Скамоцци), Ш. назарияси ривожланди (Л. Альберти), шаҳарларнинг турли қулайликлари бўлган лойиҳалари яратилди (лекин бу лойиҳалар амалга ошмади). Барокко даврида кучқудрат ва улуғворлик рамзини ифодалаган ансамбллар яратилди; 18-аср ўрталари — 19-аср бошларида тўғри бурчакли кўчалар тўрига асосланган очиқ майдон тизими юзага келди. СанктПетербург (Петербург) 3 йўналишли режалаш лойиҳаси асосида қурилди(1703). 19-асрда шаҳарлар тартибсиз қурилишига қарши бўлган шаҳар — боғ ғояси билан боғлиқ дезурбанизм ривожланди. Саноатдаги туб ўзгаришлар ша. ҳарларнинг жадал ўсишига олиб келди. 19-аср охири — 20-аср бошларида Европада арзон ишчилар шаҳарчалари ва турар жойлар мажмуалари қурилди, бу қурилишлар таъсирида Шаҳарсозликда мажмуаларни яхлит ҳолда вазифаларига кўра режалаштириш лойиҳаси, бинонинг жойланиши, дам олиш учун кўкаламзорлаштирилган жойлар ва болалар майдончалари, баъзи жамоат бинолари, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қуришни ўз ичига олган ижобий усуллар ишлаб чиқилди. 20-асрда ҳудудий (минтақавий) режалаштириш юзага келди (Буюк Британиядаги Донкастери, 1921—22, меъмори Л. Аберкромби ва Т. Жонсон). 1950-й. ларда шаҳарларни жадал ривожланиши автотранспортнинг ривожи, аҳоли пунктларининг кўпайиши, шаҳар муҳитининг ифлосланиши Шаҳарсозликни туманларга бўлиб лойиҳалаш каби янги назарияларни келтириб чиқарди. Аҳоли пунктларини йўл ёқалаб қуриш, йулдош шаҳарлар яратиш ривожланди; шунингдек анъанавий бинолар қуришдан воз кечиб, эски шаҳарлар таркибида осмонўпар бинолар қуриш ғояси илгари сурилди. Замонавий Шаҳарсозликнинг асосий вазифалари — индивидуал қиёфага эга бўлган шаҳар ва шаҳарчалар қуриш, шаҳар экологик масалаларини ҳал этиш, эски шаҳар марказларини сақлаб қолиш ва илмий асосда таъмирлаш, маданий ёдгорликларни авайлаб асраш ва таъмирлаш, уларнинг замонавий бинолар билан уйғунлигига эришиш.

Ўзбекистон ҳудудида дастлабки шаҳарлар (Сополлитепа, Жарқўтон) мил. ав. 17—14-асрларда Сурхондарё воҳасида жез даврида пайдо бўлган. Ёзма манбаларда эса шаҳар ҳақидаги маълумотлар Авестопя учрайди. Ҳоз. баъзи шаҳарлар (Қарши — Ерқўрғон; Ҳазорасп — Хумбустепа кабилар)нинг шаклланишини тадқиқотчилар мил. ав. 10—8-асрлар билан боғлайдилар. Фарғонадаги энг қадимий шаҳарлар (Ашқолтепа, Далварзинтепа кабилар) илк темир даврига оид Чуст маданияти (мил. ав. 11—6-асрлар) га мансубдир. Ахоманийлар даврида шаҳар қуриш жадаллашган (Хоразмдаги Қалъалиқир, Кўзалиқир ва бошқалар). Кушонлар даврида Шаҳарсозлик ниҳоятда равнақ топган (Хоразмшоҳлар пойтахтида мунтазам тарҳли Тупроққалъа, Зарафшон водийсида Бухоро, Фарғона водийсида Мингтепа, доира тарҳли Биловур, Чирчиқ водийсида Шоштепа).

Ўрта асрларда шаҳарлар тузилиши мураккаб бўлган, уларнинг таркибига арк, бир ёки бир неча шаҳристон, рабод (шаҳристон атрофлари) кирган. Уларнинг ҳар бири алоҳида қалъа девори билан ўралган. Афросиёб (Самарқанд), Бухоро, Бинкат (Тошкент) Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бўлган. Бундай шаҳарларни ва улар атрофидаги кичик шаҳар ва қишлоқларни узун деворлар муҳофаза қилган (Бухоро, Тошкент теварагидаги «Канпир девор»лар, Самарқанд теварагидаги «Девори қиёмат» ва бошқалар).

Темурийлар даврида мўғуллар вайронагарчиликларини бартараф этиш, мамлакат ободонлигини таъминлашда катта Шаҳарсозлик ишлари олиб борилган: Амир Темурнинг Самарқанд ва унинг атрофи, Шаҳрисабзла, Банокат (Шоҳрухия), Шоҳрухнинг Машҳад, Марв ва Ҳиротда амалга оширган ишлари. Улуғбек томонидан Самарқанд регистонида 3 иморат қурилиши билан бу майдон мужассамоти тугалликка эришган (қ. Регистон ансамбли). Шайбонийлар даврида катта ҳажмлардаги (савдосотиқ билан боғлиқ) қурилишлар шаҳарлар, айниқса, пойтахт Бухоронинг тизимини мукаммаллаштирган. Ривоятларга кўра, Абдуллахон II ҳам минг работ қурдирган. Кўп мажмуаларнинг шаклланиши айнан шу даврга тўғри келади (Бухородаги Лабиҳовуз ансамбли, Пойи калон, Қўш мадраса, Чор Бакр меьморий мажмуаси, Баҳоуддин мажмуаси, Қаршидаги регистон майдони).

19-асрда Қўқон хонлари томонидан Сирдарё бўйлаб бир нечта шаҳарқалъалар қурилиб, кучли . мудофаа тизими яратилди, янги ариқлар қазилди, Пишпак (Қиргизистон), Шаҳрихон ш. лари пайдо бўлди. 19-асрнинг 2-ярмида қадимий шаҳарлар (Тошкент, Самарқанд) ёнида ёки унга яқин масофада (Марғилонда Янги Марғилон, ҳоз. Фарғона шаҳри; Бухорода Когон каби) «янги шаҳар»лар қурилди.

2-жаҳон уруши йиллари Ўзбекистонга шим. ҳудудлардан зд, фка ва бошқалар корхоналарнинг кўчирилиши шаҳарлар саноат минтақаларининг кескин кенгайишига олиб келди. Урушдан кейин, айниқса, 50—70-й. ларда янги шаҳарлар қурилди (Навоий, Зарафшон ва ҳ. к.). Йирик тарихий шаҳарларни қайта қуриш режалари ишлаб чиқилди.

Фантехника ривожи ва урбанизация шароитида Шаҳарсозликнинг роли ошди, шаҳарлар бунёд этиш ва мавжуд шаҳарларни ривожлантиришга катта аҳамият берилди. Янги шаҳарлар замонавий муҳандислик қурилмалари билан таъминланган ҳолда бунёд этилди. Янги шаҳарлар билан бир қаторда Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Қўқон каби қадимий шаҳарларни меъморий ёдгорликларини сақлаб қолган ҳолда қайта қуришга алоҳидаэътибор берилмоқда, маданий ёдгорликлар замонавий бинолар билан уйғунлаштирилмоқда.

Мустақиллик даврида Ўзбекистонда Шаҳарсозлик ҳар жиҳатдан ривож топди, шаҳарларнинг қиёфаси чирой очди. Тарихий хотира билан боғлиқ бир қанча ёдгорлик мажмуалар яратилди: Тошкентдаги Ўзбекистон миллий боғи, Хотира ва қадрлаш майдони, Шаҳидлар хотираси мажмуалари; Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи, Қувадаги АлФарғоний мажмуи; Бухородаги Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларида қайта қуриш ишлари олиб борилди. Эски шаҳарларнинг қадимий кўчаларини кенгайтириш ишлари амалга оширилди, кўплаб янги йўллар, кўприклар бунёд этилди. Жумладан, Тошкентда ҳосил қилинган Кичик ҳалқа йўли шаҳарда автомобиль ҳаракатини анча яхшилади. (яна қ. Меъморлик, Турар жой).

Ад. Бунин А. В., Саваренская Т. Ф., История градостроительного искусства, т. 1 — 2, М., 1979; Пўлатов Х. Ш., Ўзбекистон архитектура ёдгорликлари, Т., 2003; Қодирова Т. Ф., Ўзбекистон истиқлол йиллари меъморлиги, Т., 2004.

Хайрулла Пўлатов.